“Опен Будгет” – “Ташаббусли буджет” жараёнининг навбатдаги босқичида фуқаролар ўзлари маъқул деб топган лойиҳаларга овоз беришлари мумкин.

Шу билан бирга, буджет ташкилотлари ходимларини мажбурий равишда овоз бериш ёки овоз йиғишга жалб қилиш қонунчиликка зид ҳисобланади.

Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилишича, ходимни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бунда БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима қўлланиши эҳтимоли мавжуд.

Бундан ташқари, ходимларни мажбуран овоз йиғиш ёки овоз беришга жалб қилган лойиҳа “Ташаббусли буджет” жараёнидан четлатилиши, масъул шахслар эса белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мажбурий овоз бериш ёки овоз йиғишга дуч келган ходимлар 1176 қисқа рақамига мурожаат қилишлари мумкин.