Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси (ОАК) фаолиятидаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифлари комиссия Фанлар академияси тасарруфига ўтганидан кейин илмий даража олиш жараёни енгиллашиши ҳақидаги ваъдалар амалда ўзини оқламаганини, аксинча, тадқиқотчилар учун янги тўсиқлар пайдо бўлганини иддао қилмоқда.

Мурожаатда қайд этилишича, 2026 йил 25 май куни ОАКнинг аввалги раиси А. Юсупов лавозимидан озод этилганидан сўнг тизим Фанлар академияси бошқарувига ўтказилди. Шу пайтда Фанлар академияси президенти Ш. Аюбов илмий соҳада ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш, ислоҳотлар ўтказиш ҳақида баёнот берган. Бироқ мурожаат муаллифлари бу ваъдалардан кейин вазият енгиллашмаганини таъкидламоқда.

Уларнинг айтишича, 25 майга қадар қабул қилинаётган айрим илмий нашрлар кейинчалик кутилмаганда “ўтмайди” деган асос билан рад этила бошлаган. Айниқса ижтимоий-гуманитар фанлар, хусусан педагогика соҳасидаги диссертация ишлари ва эълонларининг кўриб чиқилиши кескин секинлашгани иддао қилинмоқда.

Мурожаатда ОАК амалдаги низомига мувофиқ ҳар бир юкланган иш бўйича 14 иш куни ичида расмий муносабат билдирилиши лозимлиги эслатилган. Бироқ тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, уларга қарор ўрнига мақолаларнинг сифати, журналлар ва интернет манзиллари (URL) ҳақида қўшимча маълумотлар сўралаётгани, расмий қарорлар эса кечикаётгани айтилган.

Муаллифлар яна бир масалага эътибор қаратмоқда. Уларга кўра, айрим илмий ишлар сунъий интеллект орқали таҳлил қилинган эксперт хулосалари асосида баҳоланмоқда. Рад этиш сабаблари сифатида эса журналларнинг кейинчалик халқаро базалардан чиқарилгани ёки “сифатсиз” деб баҳолангани келтирилмоқда.

Мурожаат муаллифлари бу ёндашув амалдаги қоидаларга зид эканини таъкидлайди. Уларга кўра, агар мақола нашр этилган вақтда журнал расман тан олинган бўлса, кейинги ўзгаришлар аввалги нашрларнинг ҳуқуқий мақомини ўзгартирмаслиги керак.

Мурожаатда Фанлар академияси президенти Ш. Аюбов ҳамда унинг шогирди сифатида тилга олинган Ғ. Ботиров фаолияти ҳам танқид қилинган. Муаллифлар Ғ. Ботиров расман ОАК раҳбари бўлмаганига қарамай, амалда қарор қабул қилиш жараёнларига таъсир кўрсатаётгани, ижтимоий тармоқларда нашрлар сифати бўйича мунтазам тавсиялар бераётгани, аммо бу талаблар босқичма-босқич эмас, кескин жорий этилаётганини иддао қилмоқда.

Шу билан бирга, мурожаат муаллифлари 25 майдан кейин бошқа соҳалар бўйича ҳимоя қилинган айрим диссертациялар авторефератларини ўрганганини ва уларда ҳам баҳсли деб ҳисобланаётган журналлар ҳамда конференциялар мавжудлигини қайд этган. Улар бу ҳолат барча соҳаларга бир хил ёндашув қўлланмаётгани ҳақида саволлар туғдираётганини билдирмоқда.

Мурожаат сўнгида тадқиқотчилар энг катта муаммо сифатида ноаниқликни тилга олган. Улар расмий рад этиш ёки тасдиқлаш қарорлари ўз вақтида берилмаётгани сабабли илмий фаолиятини режалаштира олмаётганини, айниқса аёл тадқиқотчилар, кекса олимлар ва вилоятларда меҳнат қилаётган изланувчилар бу вазиятдан жиддий зарар кўраётганини таъкидлаган.

Эслатма: Ушбу мақола Элтузарга келиб тушган мурожаат асосида тайёрланди. Унда баён этилган фикр ва иддаолар мурожаат муаллифларига тегишли бўлиб, таҳририят уларни мустақил равишда тасдиқлай олмайди. Элтузар мазкур масала юзасидан Олий аттестация комиссияси ва Фанлар академиясининг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.