Олий аттестация комиссияси (ОАК) Фанлар академияси таркибига ўтказилганига қарамай, илмий даражаларни тасдиқлаш ва эълон қилиш тизимидаги айрим муаммолар ҳалигача бартараф этилмаяпти.

Илмий даражалар тасдиқлангани ҳақидаги маълумотлар ОАК сайтида ўз вақтида эълон қилинмайди.

«10 июнь куни тасдиқланган ишлар бир ой давомида сайтга жойланмади. Фақат Элтузар танқидидан кейин улар кетма-кет эълон қилинди. Энди эса 10 июль куни тасдиқланган ишлар ҳалигача очиқланмаган», — дейилади мурожаатда.

Бундай кечикишлар тадқиқотчилар орасида турли шубҳаларни кучайтирмоқда.

«Одам ўз иши тасдиқланганми-йўқми билмай ойлаб кутади. Шунинг учун айримлар таниш орқали тезлаштирса бўлади, деган гапларга ишониб қоляпти», — дейди у.

Трансформациядан кейин ҳам диплом ва аттестат бланкаларида эски ташкилот номи сақланиб қоляпти, шунингдек, тасдиқланган илмий даражаларни my.gov.uz ва бошқа электрон тизимларга киритишда ҳам кечикишлар кузатиляпти.

Элтузар танқидидан кейин айрим ижобий ўзгаришлар бўлди. Аввал эълон қилинмаган қарорлар сайтга жойлаштирилди, 10 июль куни бўлиб ўтган Раёсат йиғилиши ҳақида ҳам расмий ахборот берилди. Бу яхши қадам. Лекин нега ҳар сафар танқиддан кейин ҳаракат бошланади?

Ҳисоб-китобига кўра, 2025 йил давомида 10 мингдан ортиқ диплом, аттестат ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳар бир ҳужжат учун сотиладиган муқовадан катта маблағ йиғилади ва бу маблағлар қандай сарфланаётгани номаълум.

Шу муносабат билан ОАКдан қуйидаги саволларга жавоб кутамиз:

Илмий даражалар нега ўз вақтида сайтда эълон қилинмайди? Диплом ва аттестат муқовалари қайси ташкилотдан ва қандай нархда харид қилинади? Тушган маблағлар қаерга сарфланади? Энг муҳими – ҳимоя эълонлари ҳақида суриштирув бошласак, ОАК бу борада изчиллик ва кетма-кетликка риоя қилганини,  эълон чиқартириш мутлақо текин эканини олдиндан кафолатлай оладими?