«Президентга кўрсатиш учун эмас, ўқитувчи учун шароит қилинг» – Элтузарга мурожаат қилган педагоглар Тошкент вилояти Педагогик маҳорат марказининг Нурафшондаги янги биносида ичимлик суви, ётоқхона ва ҳатто талабга жавоб берадиган ҳожатхона йўқлигини айтмоқда. Мурожаатда бинодан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари, коммунал тўловлар ҳамда марказ раҳбарияти фаолияти юзасидан ҳам жиддий саволлар кўтарилган.

Элтузар таҳририятига Тошкент вилоятида фаолият юритадиган педагоглар номидан мурожаат келиб тушди. Унда ўқитувчилар Тошкент вилояти Педагогик маҳорат марказининг Нурафшондаги янги биносида малака оширишга мажбуран жалб қилинаётгани, аммо бинода элементар шароитлар яратилмаганини билдирмоқда.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, вилоятнинг узоқ туманларидан ҳар куни кўплаб ўқитувчилар Нурафшонга қатнамоқда. Улар йўл харажатини ўз ҳисобидан қоплаётгани, аввал ваъда қилинган ётоқхонадан эса фойдалана олмаётганини айтишган.

«Марказни таништиришганда ётоқхонаси ҳам бор, бемалол қолиш мумкин, деб хурсанд бўлган эдик. Ҳозир эса узоқдан ҳар куни қатнаяпмиз. Ётоқхонадан фойдаланиш мумкин эмас, кейинчалик пуллик бўлади деган гаплар ҳам бор», – дейилади мурожаатда.

Педагогларнинг айтишича, янги бинода оддий ичимлик суви масаласи ҳам ҳал қилинмаган. Мавжуд сув шўр экани, айрим кунлари эса умуман сув бўлмаслиги айтилмоқда.

Янада жиддий эътироз санитария шароитига тааллуқли.

Мурожаатда уч қаватдаги ҳожатхоналарнинг аҳволи жуда ёмон экани, қурилиш ишлари тўлиқ якунланмагани, тўртинчи қаватда эса таъмир ишлари ҳали ҳам давом этаётгани айтилган.

«Тиллоранг эшикдан кирасиз, аммо ичида оддий тоза сув ҳам, тузук ҳожатхона ҳам йўқ. Уч қаватдаги ҳожатхоналарнинг ҳолати шу даражадаки, киришга одамнинг кўнгли айнийди», – дейди мурожаат муаллифи.

Мурожаат муаллифи марказ бухгалтерияси ходимларидан эшитганига таяниб, янги бино ҳали тегишли ташкилот балансига тўлиқ қабул қилинмаганини даъво қилмоқда. Шунингдек, бинога оид айрим рухсат ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани айтилган.

Бу маълумотлар Элтузар томонидан ҳозирча мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Мурожаатга кейинчалик берилган қўшимча маълумотда эса яна бир жиддий ҳолат тилга олинади. Манбанинг даъво қилишича, бинодаги электр энергияси ва сув учун тўловларни марказ эмас, қурилиш ташкилоти амалга оширмоқда ва қарздорлик сабаб баъзан электр ва сув узиб қўйилмоқда.

Манба қурилиш ташкилотидан айрим қўшимча хизматлар ва маҳсулотлар сўралаётганини ҳам даъво қилди ва бу жараёнда коррупция аломатлари бўлиши мумкинлигини айтди.

Очиқ манбаларга кўра, Тошкент вилояти Педагогик маҳорат марказига Тимур Нагметуллаевич Калмуратов раҳбарлик қилади. У 2025 йил ноябрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан мазкур лавозимга тайинланган.

Мурожаат муаллифлари марказ раҳбарининг педагоглар билан мулоқоти бўйича ҳам кескин эътироз билдирмоқда.

Уларнинг айтишича, раҳбар қабулига кириш қийин, ўқитувчиларнинг таклиф ва шикоятларини етказиш имконияти чекланган. Шу билан бирга, педагоглар учун оддий шароитлар етишмаётган бир пайтда директор хонасининг қиммат жиҳозлангани ўқитувчилар норозилигини янада оширган.

«Минглаб аёл ўқитувчилар оиласи ва боласини қолдириб малака оширишга келади. Биз ҳашамат сўрамаяпмиз. Оддий ичимлик суви, тоза ҳожатхона ва узоқдан келган одам учун ётоқ жойи сўраяпмиз», – дейилади мурожаатда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий маълумотларида педагоглар учун замонавий малака ошириш тизимини яратиш вазифаси белгиланган. Вазирликка ҳозирда Эъзозхон Каримова раҳбарлик қилади.

Ташқи кўриниши ялтироқ бинолар таълим тизимидаги муаммони автоматик ҳал қилмайди. Педагогга тиллоранг эшик эмас – тоза сув, тоза ҳожатхона, хавфсиз бино, ётоқ жойи ва ҳурмат керак.

Элтузар мурожаатда келтирилган даъволар юзасидан мутасадди ташкилотлар ҳамда Тимур Калмуратовнинг муносабатини эшитишга ва уни тўлиқ эълон қилишга тайёр.