НУКУСЛИК 59 ЁШЛИ ФУҚАРО МУДДАТИДАН ОЛДИН ПЕНСИЯГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА ЁРДАМ СЎРАМОҚДА
Нукус туманида яшовчи 59 ёшли Досназаров Дауран 40 йиллик меҳнат стажига қарамасдан, муддатидан олдин пенсияга чиқиш масаласи ҳал этилмаётганидан норози. У оғир ва узоқ жойлашган иш таклифларини қабул қилмагани учун пенсия рад этилганини айтмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида яшовчи 59 ёшли фуқаро Досназаров Дауран ўзининг меҳнат ҳуқуқлари ва муддатидан олдин пенсияга чиқарилиш масаласи ҳал этилмаётганидан норози эканини билдирди.
Унинг айтишича, 1967 йилда туғилган бўлиб, 40 йиллик меҳнат стажига эга. Фуқаро 2025 йил август ойида ишхонасидан Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми 2-банди асосида қисқартириш сабабли ишдан бўшатилган. Унга бошқа иш ўрни таклиф қилинмаган.
Шундан сўнг, 2025 йил сентябрь ойида Нукус тумани Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлимида ишсиз фуқаро сифатида рўйхатдан ўтган. Дауран Досназаровнинг таъкидлашича, у ёши ва соғлиғи инобатга олиниб, муддатидан олдин пенсияга чиқарилишини сўраб мурожаат қилган.
Бироқ, бандлик бўлими ходимлари унга соғлиги ва ёшига мос келмайдиган оғир меҳнат ишларини таклиф қилган. Шунингдек, таклиф этилган иш ўринлари унинг яшаш манзилидан узоқ жойлашгани айтилмоқда. Фуқаро мазкур ишларни рад этганидан кейин, масъуллар “таклиф қилинган ишларни қабул қилмагани” сабабли уни муддатидан олдин пенсияга чиқариш имкони йўқлигини билдирган.
Досназаровнинг маълум қилишича, у ушбу масала юзасидан Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ҳамда Президент виртуал қабулхонаси орқали икки марта мурожаат қилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бандлик вазири О. Қозақбаев қабулда бўлганига қарамай, муаммо ҳалигача ечим топмаган.
Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигидан мурожаатини қонуний тартибда кўриб чиқиш ва амалдаги қонунчилик асосида ёрдам беришни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг