НОРИНЛИК ТАДБИРКОР: ТАНИШИНГ БЎЛМАСА, КРЕДИТ ҲАМ ЙЎҚМИ?
Норин туманидаги тадбиркор “Бизнесни ривожлантириш банки”дан 60 млн сўмлик имтиёзли кредит олишда асоссиз рад жавоблари ва сунъий тўсиқларга учаётганини айтмоқда. У банк ва Марказий банк раҳбарларидан вазиятни қонуний ҳал этишни сўрайди.
Наманган вилояти Норин тумани Тода қишлоғида яшовчи тадбиркор имтиёзли бизнес-кредит олишда муаммога дуч келаётганини айтиб, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси Сахий Аннақличев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметовга мурожаат қилди.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, у тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг Наманган вилояти бошқармасига 60 миллион сўм миқдорида имтиёзли бизнес-кредит сўраб ариза билан мурожаат қилган. Бироқ унинг айтишича, аризаси навбатдаги бор асоссиз равишда рад этилган.
Тадбиркор банк тизимида таниш-билиши ёки юқори лавозимда ишлайдиган қариндоши йўқлиги сабабли унга кредит ажратилмаётганини тахмин қилмоқда. Унинг иддао қилишича, кредит ажратилиши учун банкдаги айрим масъул шахсларнинг “шахсий рухсати” талаб қилинмоқда.
Мурожаатда қайд этилишича, банк масъуллари вазиятни турли баҳоналар билан тушунтириб, аризачини бир неча бор ортга қайтарган. Тадбиркор эса бу ҳолатни сунъий тўсиқ сифатида баҳоламоқда.
“Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан оддий халқ, айниқса тадбиркорлар учун имкониятлар яратилиб, маблағлар ажратилаётган бир пайтда, жойлардаги айрим банк ходимлари сунъий тўсиқлар яратмоқда”, дейилади мурожаатда.
Шу муносабат билан Норин туманидаги тадбиркор “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси Сахий Аннақличев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисига Тимур Ишметовга мурожаат қилиб, вазиятни ўрганишни, масалага шахсан эътибор қаратишни ва кредит ажратиш билан боғлиқ ҳолатни қонуний ҳал этишда амалий ёрдам беришни сўрамоқда.
Мурожаат муаллифи, шунингдек, Элтузар жамоасидан ушбу овозини масъулларга етказишда кўмак сўраган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг