ТАНЗИЛА ОПА ТАНЗАНИЯГА САФАР ҚИЛМОҚДА
Сенат раиси Танзила Норбоева Танзаниядаги ПИУ асссамблеясида иштирок этмоқда. Учрашувлар савдо ва ҳамкорликни муҳокама қилаётган бир пайтда, мақола Ўзбекистон парламентининг назорат функцияси ва ҳақиқий мустақиллиги ҳақида савол қўяди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Танзанияда. У ерда Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Расмий хабарлардан маълум бўлишича, сафар сермаҳсул: учрашувлар, суҳбатлар, фикр алмашишлар, ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга келишувлар бор.
Масалан, Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдул билан учрашувда «парламентлараро гуруҳлар фаолиятини кучайтириш», «ўзаро ташрифларни кенгайтириш», савдо, инвестиция, таълим, туризм, маданият ва ҳатто зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Қисқаси, ҳамма нарса бор. Фақат парламентнинг ўзи нима иш қилиши кераклиги ҳақида гап кам.
Ўзбекистон парламент дипломатиясининг энг қизиқ жиҳати ҳам шунда. Сенат раҳбари хорижга чиқса, унинг музокаралари доираси ташқи ишлар вазириникидан деярли фарқ қилмайди: инвестиция, савдо, туризм, маданият, давлатлараро муносабатлар. Аммо парламентнинг асосий вазифалари — ижро ҳокимияти устидан назорат, бюджет харажатларини текшириш, қонунлар сифатини ошириш, вазирларни ҳисобдор қилиш каби масалалар бундай хабарларда деярли кўринмайди.
Танзанияда Малайзия билан парламентлараро мулоқотни кучайтириш, албатта, ёмон эмас. Лекин ўзбек сайловчиси учун бошқа савол ҳам бор: кучли парламентлараро алоқалардан олдин Ўзбекистоннинг ўзида кучли парламент борми?
Сенат ҳукуматнинг қайси муҳим қарорини рад этди? Қайси вазирни қаттиқ сўроқ қилди? Қайси йирик бюджет харажати бўйича мустақил парламент текширувини ўтказди? Қайси баҳсли қонун лойиҳасини жамоатчилик манфаатини ҳимоя қилиб тўхтатди?
Ана шу саволларга жавоб топиш Танзаниядан Малайзия спикерини топишдан қийинроқ.
Расмий хабар охирида одатий оптимистик формула бор: «фаол парламентлараро мулоқот ва амалий ҳамкорлик Ўзбекистон–Малайзия муносабатларини янада мустаҳкамлайди».
Эҳтимол, мустаҳкамлар.
Аммо Ўзбекистон парламентининг ўз жамияти билан мулоқотини, ҳукумат устидан назоратини ва сиёсий мустақиллигини нима мустаҳкамлайди?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг