Элтузар таҳририятига ногиронлик гуруҳи қайта кўрикдан кейин ўзгартирилгани юзасидан аноним мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи шахсий маълумотлари ошкор қилинмаслигини сўраган. Қуйида мактуб таҳририй қисқартириш ва услубий тузатишлар билан эълон қилинмоқда. Унда билдирилган фикрлар мурожаат муаллифига тегишли. Таҳририят масъул идоралардан ушбу ҳолатга муносабат билдиришини сўрайди.

“Мен кўп йиллардан бери оғир касаллик, сон-чаноқ бўғими емирилиши билан яшаб келмоқдаман.

Ҳар бир қадам мен учун оғриқ. Қўлтиқтаёқ билан ҳаракатланаман. Оддий инсонлар учун осон бўлган ишлар, масалан, пайпоқ кийиш, ердан бирор нарса олиш, узоқ юриш, велосипед миниш, ҳатто кечаси ухлаш ҳам мен учун азоб.

Шифокорлар сон-чаноқ бўғимини алмаштириш операцияси кераклигини айтишган. Аммо бу операция учун маблағим йўқ. Даволаниш жараёнида гормонал препаратлар қабул қилганим сабабли семириб кетдим. Қон босимим юқори. Доимий оғриқ қолдирувчи дорилар ва қиммат муолажалар билан яшашга мажбурман.

Бир йил давомида 2-гуруҳ ногиронлиги бўйича нафақа олдим. Кейин қайта тиббий кўрикдан ўтдим. Аммо бу сафар, менинг фикримча, аҳволим инсон сифатида эмас, рақамлар орқали баҳоланди.

Айтишларича, янги рақамлаштириш тизими ва сунъий интеллект орқали ҳужжатлар таҳлил қилиниб, менга 3-гуруҳ ногиронлиги берилган.

Лекин, менинг оғриқларим камайдими? Мен қўлтиқтаёқсиз юра олаяпманми?
Мен операция қилдирдимми? Мен меҳнат қилиш имкониятига эга бўлиб қолдимми?

Йўқ.

Унда нега кеча 2-гуруҳ деб баҳоланган инсон бугун 3-гуруҳга туширилади? Нега менга ўхшаган кўплаб инсонлар бир вақтнинг ўзида нафақаси қисқарганидан ёки ўзгарганидан норози бўлиб қолмоқда?

Сунъий интеллект инсон ҳаётини енгиллаштириш учун яратилган. Аммо инсон тақдирини фақат рақамлар ва алгоритмлар орқали ҳал қилиш қанчалик тўғри?

Компьютер менинг тунлари оғриқдан ухлай олмаслигимни ҳис қиладими?
Компьютер пайпоқ кийиш учун қанча қийналишимни кўрадими?
Компьютер фарзандларимнинг менга ёрдам бериб юришини ҳис қиладими?

Йўқ.

Чунки инсон оғриғини фақат инсон тушунади.

Бугун нафақат мен, балки аввал 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган кўплаб фуқаролар 3-гуруҳга туширилганидан норози эканини эшитяпман. Айримлар судларга мурожаат қилмоқда, айримлар эса қаерга боришни ҳам билмай қолган.

Мен давлатдан имтиёз эмас, адолат сўрайман.

Мен ўз аҳволимни инсонлар кўриб, баҳолашини истайман. Мендан нафақани эмас, оғриқларимни олиб қўйинг. Агар соғлом бўлганимда, ҳеч қачон нафақа сўрамасдим. Аммо бугун меҳнат қилиш имкониятини йўқотган инсон сифатида ўз ҳаққимни талаб қилмоқдаман.

Масъул ташкилотлардан, Олий Мажлис депутатларидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилдан ва жамоатчиликдан ушбу масалага эътибор қаратишни сўрайман.

Ногирон инсон тақдири рақамлар ортида қолиб кетмаслиги керак.
Адолат алгоритмдан устун бўлиши шарт.”