Ўзбекистон Республикаси Президентининг 124-сонли Фармонида  фуқаролик жамияти институтларини,  108-сон Фармонида эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган.


“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 667‑сонли Қарорининг 2-бандига мувофиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни услубий қўллаб-қувватлаш, техник кўмак (грант ва молиявий маблағлар) тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини оширишга Рақобат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул органлар ҳисобланади.

Масъул органларга ҳар йили камида бир маротаба нодавлат нотижорат ташкилотларига ўзларига бириктирилган соҳаларда таҳлиллар ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ва ўз ваколатлари доирасида бошқа тадбирларни ташкил этиш юзасидан бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмалари бериб бориш; нодавлат нотижорат ташкилотларини услубий қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг ходимларининг малакасини ошириш бўйича доимий кўмаклашиш вазифаси белгиланган.


Вазирлар Маҳкамасининг 135-сон қарори билан тасдиқланган “Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби тўғрисида Низом”нинг 5-1-бобига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органлари томонидан давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан БҲМнинг минг бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали ижтимоий буюртма берилиши мумкин.


Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни асос бўлиб хизмат қилади. Бу норматив ҳуқуқий ҳужжатлар амалда ишласа, нодавлат нотижорат ташкилотларининг социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириши ва бу лойиҳаларни амалга оширувчи ходимлари учун моддий имкониятдир. Ўзи топган пулларидан ходимларига байрам ва йил якунлари бўйича мукофот пуллари бериши мумкин бўлар эди.


Юқоридаги ҳужжатларга асосланган ҳолда нодавлат истеъмолчилар ташкилоти ходимлари томонидан жорий йил бошида масъул давлат органлари билан 2026 йилда амалга ошириладиган 10та ижтимоий буюртма лойиҳаси таклифи ҳужжатлари (Рақобат қўмитаси – 7та, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги – 1та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 1та, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги – 1та, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси – 1та) кўриб чиқиш учун юборилган.


Шу масалада лойиҳа ташаббускорлари бир неча бор масъул идораларга чақирилиб, ишчи учрашувлар ўтказилган. Маълум бўлишича, 2026 йилнинг 7,5 ойи ўтибдики, масъул давлат органлари томонидан ижтимоий буюртма лойиҳаларига пул ажратиш масаласи ижобий ҳал этилмаган. 10та ижтимоий буюртма лойиҳаси таклифи ҳужжатларининг ҳар бири бир папка бўлса, ёзиш учун қанча вақт ва ресурс кетганини биласизларми? Бермаса, нима қилади оввора қилиб.


Халқаро ва хоржий ташкилотлардан олиш чеклаб қўйилар экан, социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш ҳолатини ваколатли орган томонидан мониторинг қилиш, режа белгилаш, сўраб-тергаш, ҳисобот юритиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Агар, ижтимоий шерик деб ҳисобласангиз, албатта.


Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 115‑моддаси 6-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди.
 
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров