Элтузар ихтиёрига Навоий вилоятида тадбиркорлардан мажбурий тартибда пул йиғилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Унда Кармана туманида тадбиркорлик субъектларидан жами 412 миллион сўм талаб қилингани иддао қилинмоқда.

Мурожаат муаллифининг билдиришича, Навоий вилоят Савдо-саноат палатаси раҳбари Дилшод Шакаров Кармана туман ҳокимлигига тадбиркорлардан БҲМнинг бир баравари миқдорида маблағ йиғишни талаб қилган.

Муаллиф Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорларга юридик ёрдам кўрсатиш учун пуллик шартнома тузилиши қонуний бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Бироқ тадбиркорларни палатага “мажбурий аъзо” қилиш ва шу асосда маблағ талаб этиш ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган.

Шунингдек, мурожаатда Навоий вилояти Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси билан пуллик юридик хизмат шартномалари имзолангани, аммо тўлов амалга оширилганига қарамай, амалда юридик ёрдам кўрсатилмагани айтилган.

Мурожаат муаллифи тўланган маблағни қайтаришни сўраганида, пул қайтарилмаслиги, бу шартнома шартларида кўрсатилгани айтилганини билдирган.

Ҳозирча ушбу ҳолат бўйича Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси ва Кармана туман ҳокимлигининг расмий муносабати эълон қилинмаган.

Мурожаат муаллифи юқори турувчи ташкилотлардан ҳолатга қонуний изоҳ беришни сўрамоқда.