Навоий вилояти Конимех туманидаги 762,7 гектар ер майдони атрофида жиддий ҳуқуқий можаро юзага келгани айтилмоқда. «Жаҳонсой-Субхон-Сафар» фермер хўжалиги вакилларининг иддаосига кўра, суд фермер манфаатини ҳимоя қилган қарор чиқарганига қарамай, хўжаликка тегишли ер кейинчалик бошқа субъект номига давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фермер хўжалиги бу масала юзасидан Президент портали, прокуратура ва бошқа давлат идораларига бир неча бор мурожаат қилганини, аммо ҳозиргача ерга бўлган ҳуқуқ қандай асосда электрон кадастр базасидан чиқарилгани ҳақида аниқ ва асосланган жавоб ололмаганини билдирмоқда.

Ҳолат бўйича Навоий вилояти прокуратураси, Бизнес-омбудсман, Адлия органлари ва Давлат кадастрлари палатасининг муносабати талаб қилинмоқда.

49 ЙИЛГА БЕРИЛГАН 762,7 ГЕКТАР ЕР

Тақдим этилган маълумотларга кўра, «Жаҳонсой-Субхон-Сафар» фермер хўжалигига Конимех тумани ҳокимининг 2017 йил 17 июлдаги қарори билан «Караката» массивидан чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги ташкил этиш учун жами 762,7 гектар ер 49 йил муддатга ижарага берилган.

Шу куни 113-сонли ижара шартномаси ҳам расмийлаштирилган.

Фермер томони тақдим этган маълумотларга кўра, ерга бўлган ҳуқуқ 2018 йил 10 февралда давлат рўйхатидан ўтказилган ва NA0014335-сонли гувоҳнома шакллантирилган.

Демак, фермер хўжалиги ердан фойдаланиш ҳуқуқи расман давлат рўйхатидан ўтганини таъкидламоқда.

СУД ҲОКИМЛИК ҚАРОРИНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПГАН

Можаронинг энг муҳим қисми суд қарори билан боғлиқ.

Навоий туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 15 июлдаги 5-2101-2103/496-сонли ҳал қилув қарори билан ҳокимликнинг ер майдонини қайтариб олиш ҳақидаги қарорининг «Жаҳонсой-Субхон-Сафар» фермер хўжалигига тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топилгани билдирилмоқда.

Шунга қарамай, фермер вакилларининг иддаосича, уларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқи қонуний тартибда бекор қилинмасдан туриб, мазкур майдон бошқа бир субъект номига давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фермер хўжалиги яна бир жиддий ҳолатга эътибор қаратмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги ҳужжат мавжуд. Аммо кейинчалик бу ҳуқуқ кадастрнинг электрон ахборот базасида акс этмай қолган ёки базадан чиқарилган.

Фермер хўжалиги: «Давлат рўйхатидан ўтган ҳуқуқ қайси ҳужжат ва қайси қарор асосида электрон базадан чиқарилган?» деган саволга ҳозиргача жавоб берилмаганини билдирмоқда.

Бу Конимех тумани кадастр органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо бериш заруратини келтириб чиқаради.

Хусусан, давлат рўйхатидан ўтган ҳуқуқни асоссиз равишда ўзгартириш, яшириш ёки бошқа субъект номига расмийлаштириш ҳолати бўлган-бўлмагани тегишли тергов ва назорат органлари томонидан текширилиши лозим.

НЕГА ПРОКУРАТУРА АРАЛАШМАЯПТИ?

Фермер хўжалиги вакиллари бу масала бўйича бир неча марта давлат идораларига мурожаат қилганини билдирмоқда.

Улар айниқса Навоий вилояти прокуратурасидан суд қарори ижроси, кадастр органларининг ҳаракатлари ва ернинг бошқа субъектга расмийлаштирилиши ҳолатларини ҳуқуқий жиҳатдан текширишни сўрамоқда.

Чунки бу ерда гап суд қарорининг амалда бажарилиши, давлат рўйхатининг ишончлилиги, тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқи ва қонун устуворлиги ҳақида кетмоқда.

«Жаҳонсой-Субхон-Сафар» фермер хўжалиги мазкур ҳолатни Навоий вилояти прокурори шахсан назоратга олиши, суд ҳужжатларининг ижросини текшириши ва ернинг бошқа субъектга қандай асосда расмийлаштирилганига ҳуқуқий баҳо берилишини сўрамоқда.

Элтузар Навоий вилояти прокуратураси, Давлат кадастрлари палатаси, Конимех тумани ҳокимлиги ва бошқа тегишли идораларнинг ушбу масала юзасидан расмий муносабатини беришга тайёр.