Навоий вилоятининг Конимех шаҳарчаси атрофидаги яйлов ерларида “Олтин Кон” МЧЖ ноқонуний қурилиш ишлари олиб бораётгани ҳақида Элтузарга жиддий мурожаатлар келиб тушмоқда.

Маълумотларга кўра, яйлов ерлари «кимнингдир» манфаати йўлида бошқача қўлланмоқда. Гап шундаки, бу ерларда расмий рухсатсиз қурилиш ишлари олиб борилган бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳоли бу ҳолатни бирор бой билан эмас, айнан “Олтин Кон” МЧЖ ва унинг раҳбарияти билан боғламоқда.

Яйлов ерларида ҳужжатсиз қурилиш бошлашга қайси идора рухсат берди? Иддаоларга кўра, қурилишда коннинг қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам иштирок этган. Агар бу рост бўлса, вазият оддий қонунбузарлик доирасидан чиқиб кетади. Ноқонуний қурилиш босим, таъсир ва куч орқали ҳудудни эгаллашга уриниш дегани эмасми?

Чорва учун мўлжалланган яйловзор эгалланаётган бир пайтда маҳаллий бошқарув органи ҳокимлик ҳам, вилоят прокуратураси ҳам ҳеч қандай изоҳ ёки муносабат билдирмаётганини қандай тушунишимиз лозим?