ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИДА АНАРХИЯНИНГ НИҲОЯСИ ЙЎҚМИ?
Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари меҳнат шароити оғирлашгани, хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурланаётгани, маош ва мукофотлар қисқариши ҳамда раҳбарият босимидан норози. Мазкур хизматда ислоҳот ёки хусусийлаштириш зарурми?
Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари меҳнат шароитлари оғирлашаётгани, хизмат вазифаларидан ташқари мажбуриятлар юкланаётгани ҳамда раҳбарият томонидан босим кучайганини маълум қилишмоқда.
Ходимларнинг асосий вазифаси қўриқланаётган объект ва хонадонлардан келиб тушган хавотир сигналларига зудлик билан етиб бориш, хавфни бартараф этиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Бироқ амалда ходимлардан янги объект ва хонадонларни қўриқлаш тизимига улаш, қарздорликларни ундириш ҳамда хизмат вазифасига кирмайдиган бошқа ишларни бажариш талаб қилинади.
Белгиланган режа бажарилмаса, қўриқчилар хизмат тугаганидан кейин ҳам ушлаб қолинади, ишдан бўшатиш ёки «ишламасанг, жойингни топ» каби таҳдидлар кўпайди.
24 соатлик навбатчилик давомида дам олиш имконияти деярли йўқ, ухлаб қолган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ва интизомий жазо қўлланади, чораклик мукофотлар турли баҳоналар билан қисқартирилади ёки умуман тўланмайди.
Хизмат автомобилларига бир суткага ажратиладиган 10 литр ёқилғи хизмат вазифаларини бажариш учун етарли эмас албатта. Шу боис ходимлар ёқилғини ўз ҳисобидан қуйишга мажбур бўлишмоқда. Дам олиш кунлари ҳам йиғилишлар билан ўтади, қишлоқ жойларда яшовчи ходимлар оиласи ва томорқасига вақт ажрата олишмаяпти.
Бу ҳолатлар Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи А.П. Турсунов ҳамда Янги шаҳар Қўриқлаш бўлимига янги тайинланган раҳбар Файзиев фаолияти даврида кучайгани иддао қилинмоқда.
Қўриқлаш хизматида ишлар қачон ўз изига тушади? Тушадими ўзи? Бу хизмат таъминоти учун бюджетдан маблағ етишмаса, хусусийлаштириш ёки тарқатиб юбориш жоиз эмасми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг