НАВОИЙ ВИЛОЯТИ «ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ» МЧЖ ХОДИМЛАРНИ ИШДАН БЎШАШГА МАЖБУРЛАМОҚДА
Навоий вилояти “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ ходимлари пенсия ёшидагиларни оммавий ишдан бўшатиш, ваъда қилинган мукофотларни тўламаслик ва узоқ филиалларга юбориш орқали ишдан кетишга мажбурланаётганини айтмоқда. Улар мутасаддилардан текширув талаб қилмоқда.
Навоий вилояти «Иссиқлик таъминоти» МЧЖнинг бир гуруҳ ходимлари корхонада меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганидан норозилик билдирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, директор А.Бўриев ташаббуси билан вилоят бўйича 40 нафарга яқин пенсия ёшидаги ходим ишдан бўшатилди.
Ваъда қилинган мукофот пуллари ҳам тўлиқ тўланмади, айрим ходимларга яшаш жойидан юзлаб километр узоқдаги иш жойлари таклиф қилиниб, шу йўл билан уларни ишдан кетишга мажбурлашмоқда.
Асосий иш ҳажми филиалларда бўлишига қарамасдан, бошқарма аппаратида қўшимча лавозимлар ташкил этилаётгани ҳам маълум бўлди. Ходимлар иш ҳақи ва меҳнат шароитлари билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар ечимсиз қолаётганидан умидсизликка тушган.
Бу корхона ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари муҳофазаси учун юқоридаги ҳолатлар юзасидан мутасадди ташкилотлар ва катта калибрдаги масъуллар текширув ўтказиши шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг