НАВОИЙ ИННОВАЦИЯЛАР УНИВЕРСИТЕТИ РАДДИЯСИГА ЭЪТИРОЗ: ТАЛАБАЛАРНИНГ МУАММОСИГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?
Навоий инновациялар университети Элтузарда эълон қилинган материалга раддия берди, аммо талабалар сони, аудиториялар етарлиги ва дарсларни нонтаълим биноларида ўтиш заруратига оид асосий саволлар очиқ қолмоқда.
Навоий инновациялар университети 7 октябрь куни Элтузарда эълон қилинган талабаларнинг ўқув жараёнидаги муаммолари ҳақидаги материалга расмий раддия билдирди.
Университет маъмурияти хабарда келтирилган 14 минг нафар талаба ҳақидаги рақамни инкор этяпти, фото ва видеолар 5 октябрь куни биринчи босқич талабаларини кутиб олиш маросимида олинганини таъкидланди.
Бироқ раддияни ўқиб, асосий саволларга жавоб топа олмадик.
Хўш, университетда аслида нечта талаба таҳсил олади? Уларнинг барчаси учун етарли аудитория мавжудми? Биринчи босқичга қабул қилинган 2 минг нафардан ортиқ талабанинг дарс машғулотлари қандай ташкил этилган? Нега кутубхона, спорт зали, автомактаб ва бошқа бинолардан дарс ўтиш учун фойдаланилмоқда?
Университет раддиясида мазкур бинолардан фойдаланилаётганини инкор этмаган. Аксинча, буни таълим жараёнини узлуксиз ташкил этиш мақсадида кўрилаётган ташкилий чоралар билан изоҳлаган.
Ҳар бир аудитория, бинонинг ўз функцияси бор. Пул келса бўлди, тўғри келган хонада дарс ўтаверамиз қабилида ишлаш кетмайди. Университетнинг илмий салоҳияти, фан сертификатлари масаласи қандай? Ҳали бундай жиддий масалаларга ўтмадик.
Дейлик, аудиториялар етарли бўлса, нима учун дарсларни бошқа мақсадларга мўлжалланган биноларда ташкил этиш зарурати туғилди?
Маъмурият фото ва видеоларнинг қачон олинганига алоҳида урғу беряпти. Аммо талабаларнинг дарс жадвали, аудиториялар сиғими, ўқув биноларининг имкониятлари ва машғулотлар қандай шароитда ўтказилаётгани ҳақида аниқ рақамлар келтирмаган.
Биз учун масаланинг моҳияти тадбирда қанча талаба қатнашганида эмас. Асосий масала талабаларнинг шартнома асосида тўлаётган маблағи эвазига муносиб шароитда, белгиланган жадвал бўйича сифатли таълим олишидир.
Олий таълим соҳасидаги ваколатли идоралар ҳолатни холис ўрганиши мақсадга мувофиқ.
Талабаларнинг таълим олиш шароитлари ҳақида савол бериш университет обрўсига путур етказиш деб ким сизга уқтирди, муҳтарам котиб? Аксинча, мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш уларни ҳал этишга хизмат қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг