Навоий вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ходими раҳбарият дам олиш кунлари ҳам ходимларни ишга чиқишга мажбурлаётганини иддао қилди. Элтузарга йўлланган мурожаат муаллифига кўра, ишга келмаган ходимларга нисбатан босим ўтказилиши, ҳатто ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиниши ҳолатлари бор.

Таҳририятга юборилган скриншотларда “BOSHQARMA apparat xodimlari” номли Telegram гуруҳи акс этган. Гуруҳда 63 нафар иштирокчи борлиги кўринади. Ёзишмаларда “Навоий вилояти Хайруллаев Л.” номи билан юборилган хабарларда ходимларга эрталабдан ишларни бошлаш, ой якуни олдидан ишларни давом эттириш ҳақида топшириқ берилган.

Жумладан, 23 май куни соат 06:48 да: “Ассалому алайкум ҳамкасблар, янги кун муборак ҳаммага, ишларни бошлаймиз, бугунги ишларга барчангизга омад тилайман”, деган хабар қолдирилган. 29 май куни соат 07:12 да эса: “Ишларни давом эттирамиз, ой якуни келмоқда”, дейилган. 6 июнь куни соат 06:03 даги хабарда: “Эрта тонгдан барака сўраб ишларни бошлаймиз”, деган мазмундаги топшириқ ёзилган.

Мурожаат муаллифи бу ҳолат бир марталик эмаслигини таъкидлайди. Унинг айтишича, шанба кунлари, байрамлар ва Президент фармонлари билан белгиланган қўшимча дам олиш кунларида ҳам ходимлар ишга чақирилади. “Фақат календарда қизил бўлган кунларгина дам олиш куни сифатида тан олинади”, дейилади мурожаатда.

Ходимнинг эътирозича, энг оғриқли жиҳат шундаки, айнан ушбу тизимда меҳнат қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиши керак бўлган Давлат меҳнат инспекцияси мавжуд. У “меҳнат қонунчилигини ҳимоя қилиши керак бўлган тизимнинг ўзида шундай ҳолат бўлса, ходимлар кимга мурожаат қилади?” деган саволни қўймоқда.

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра, дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунларида ходимларни ишга жалб этиш чекланган тартибда амалга оширилади. Қонунчиликда бундай ҳолларда ходим розилиги, иш берувчининг фармойиши ва компенсация масалалари назарда тутилган.

Ҳозирча Навоий вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси раҳбарияти мазкур иддаолар бўйича расмий муносабат билдиргани йўқ. Таҳририят ушбу ҳолат юзасидан мутасаддилардан изоҳ кутади. Ходимларнинг дам олиш кунлари ишга жалб қилиниши қонуний асосга эгами, уларнинг ёзма розилиги олинганми ва бундай иш учун компенсация берилганми, деган саволлар очиқ қолмоқда.