Наманган вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ахборот хизматлари ходимлари вилоят ҳокимлиги матбуот котиби И. Раҳматов томонидан мунтазам равишда пул, совға-салом ва турли харажатларни қоплаш талаб қилинаётганини иддао қилмоқда.

Элтузар таҳририятига келиб тушган мурожаатдаги асосий даъволар бошқа мустақил манбалар орқали ҳам тасдиқланди. Манбалар шахсий хавфсизлиги ва иш жойида босимга учраш эҳтимоли сабаб исмларини ошкор қилмасликни сўради.

Мурожаат муаллифлари Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовдан вазиятга шахсан аралашишни талаб қилмоқда.

Уларнинг айтишича, аввал телевидениеда ишлаган, ҳозирда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби вазифасида фаолият юритаётган И. Раҳматов туманлардаги ахборот хизматларини ўзининг «тирикчилик манбаи»га айлантириб олган.

«Туманлардан вилоят ҳокимининг номини айтиб, ҳар ой 200 доллардан пул олинади. Байрамларда эса бир миллион сўмлик совға-саломлар Наманган туманидаги уйига олиб борилади», – дейилади мурожаатда.

Манбаларнинг таъкидлашича, талаб қилинган пул ёки хизматни бажармаган матбуот котибларининг тайёрлаган медиа маҳсулотлари вилоят ҳокимлигининг расмий ахборот каналларида ёритилмайди. Айрим ходимлар вилоят ҳокимлигига чақирилиб, соатлаб ушлаб турилгани ва уларга босим ўтказилгани ҳам айтилмоқда.

Шунингдек, вилоятда ўтказиладиган медиа тадбирлар харажати учун туманлардаги ахборот хизматларидан тез-тез пул йиғилиши даъво қилинган. Мурожаатда И. Раҳматовнинг меҳмонларини Намангандаги қиммат меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларни кутиб олиш ва овқатлантириш харажатлари ҳам туман ахборот хизматлари ходимлари зиммасига юкланиши айтилган.

«Биз матбуот котибларининг ҳам рўзғори, оиласи ва бола-чақаси бор. Қачонгача бу таъмагирликка чидаб ишлаймиз? Энди ҳатто “ишхонангга олиб кел, айтилган суммани бер”, деб босим қилинмоқда», — дейди мурожаат муаллифлари.

Уларнинг сўзларига кўра, бу ҳолатга эътироз билдирган ходимлар босимга учрайди ёки ижтимоий тармоқлардаги троллар ҳужумига дуч келади. Норозилик билдирганлардан кейинчалик тазйиқ остида розилик ёки миннатдорлик хатлари олиниши мумкинлиги ҳам таъкидланган.

Манбалар И. Раҳматов телевидениеда ишлаган даврида ҳам ходимлардан пул талаб қилгани, ҳатто мухб ирларнинг қалам ҳақига кўз олайтиргани ҳақида гапирди. Бироқ бу даъволар юзасидан расмий текширув ўтказилгани ёки ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида очиқ маълумот мавжуд эмас.

Элтузар Наманган вилояти ҳокимлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ушбу даъволарни холис ва очиқ ўрганишни сўрайди.

Шунингдек, таҳририят И. Раҳматов ва Наманган вилояти ҳокимлигига ўз муносабатини билдириш ҳуқуқини тақдим этади. Расмий жавоб келиб тушса, у тўлиқ ёки мазмуни бузилмаган ҳолда эълон қилинади.

Матбуот эркинлиги фақат ташқи цензура йўқлиги билан ўлчанмайди. Ахборот хизмати ходими ўз раҳбарининг босими, пул талаби ёки троллар ҳужумидан қўрқиб ишласа, бундай тизимда холис ва эркин матбуот ҳақида гапириш қийин.