НАМАНГАНДА ИШДАН ОЛИНГАН АМАЛДОРНИ КИМ ЯНА КУРСИГА ҚАЙТАРДИ?
Наманганда 2023 йилда санъаткор аёлларга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатларда айбланиб ишдан олинган собиқ маданият раҳбари Комилжон Сиддиқовнинг қай тарзда яна “Ўзбекконцерт” тизимида раҳбарлик курсисига қайтгани ҳақида жиддий саволлар қўйилмоқда.
Элтузар таҳририятига Наманган вилоятидаги маданият тизими ва “Ўзбекконцерт” фаолиятига оид ўта жиддий айбловлар акс этган мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда 2023 йилда Наманган вилояти Маданият бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган Комилжон Сиддиқов ҳақида гап бормоқда.
Ўшанда Сиддиқов атрофида санъаткор аёлларга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар ва уларни қўшмачиликка жалб этишга уринишлар ҳақида жиддий шикоятлар кўтарилган, аёллар ҳатто видео-мурожаатлар билан чиққанди. Натижада уни ўзи бадном бўлишидан қўрққан шахсан вилоят ҳокими лавозимидан олиб ташлаган эди.
Шундай можаролардан кейин Комилжон Сиддиқов қандай қилиб яна Наманганда “Ўзбекконцерт” тизимида раҳбарлик курсисига қайтди? Уни ким қайтарди?
Мурожаатда айтилишича, ҳозир Сиддиқов тунги клубларда ишлаётган аёлларни “раққоса” сифатида расмийлаштириш, уларга лицензия олиб бериш жараёнларига аралашаётгани ҳақида даъволар бор.
Агар бу маълумотлар рост бўлса, вазият ўта жиддий. “Ўзбекконцерт”нинг вазифаси тунги клубларга “раққоса етказиб бериш”ми?
Маданият тизими раҳбарининг вазифаси санъатни ривожлантиришми ёки клубларда ким ишлаши, кимга лицензия берилиши билан шуғулланишми?
Энг муҳими, бундай ҳаракатлар қайси қонуний ваколат асосида амалга оширилмоқда?
Мурожаат муаллифи Сиддиқовнинг тунги клубларга бориб, у ердаги аёлларни олиб келиши ва уларни расмийлаштириш жараёнларига аралашиши ҳақида ёзган. Агар тадбиркорлик субъектларига нисбатан текширув ёки рейд хусусиятидаги ҳаракатлар ўтказилган бўлса, уларнинг ҳуқуқий асоси ҳам очиқ тушунтирилиши шарт.
Вилоят ҳокими даражасида лавозимидан олинган амалдор қандай йўллар билан яна раҳбарлик тизимига қайтиб келди?
Мурожаатда Наманган вилояти маданият тизимидаги айрим мансабдорлар “орқамизда фалончи бор” деган мазмунда гапиргани ҳақида ҳам даъволар келтирилган.
Агар амалдор ўз ишининг қонунийлигига эмас, юқоридаги “ака”ларига ишонадиган бўлса, бу битта раҳбар масаласи эмас, бутун тизимдаги дахлсизлик ҳисси масаласига айланади.
Наманган вилояти маданият соҳасидаги бошқа молиявий масалалар ҳам текширувлар мавзусига айланаётган бир пайтда, “Ўзбекконцерт” атрофидаги бу даъволар ҳам жавобсиз қолмаслиги керак.
Маданият вазирлиги ва “Ўзбекконцерт” раҳбариятидан Комилжон Сиддиқов қайси асосда яна раҳбарлик лавозимига тайинланди деган саволга жавоб кутамиз.
2023 йилда унинг атрофида кўтарилган шикоятлар бўйича қандай хизмат текшируви ёки ҳуқуқий баҳо берилган? Ва энг муҳими Комилжон Сиддиқовни яна курсисига қайтарган “қўл” кимники?
Элтузар мазкур мурожаатдаги даъволар юзасидан Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт” ва бошқа масъул идораларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг