Наманган вилоятида тадбиркор “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг вилоят бошқармаси масъуллари унга нисбатан асоссиз тўсқинлик қилаётганини иддао қилди. Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида сўралган 60 миллион сўмлик кредит масаласи Элтузарда ёритилганидан кейин жараён қонуний ҳал этиш ўрнига босимга айланган.

Мурожаатда айтилишича, тадбиркор яқинда “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг Наманган вилояти бошқармасига 60 миллион сўм кредит ажратишни сўраб мурожаат қилган. Бироқ кредитни расмийлаштириш жараёнида турли асоссиз тўсиқлар ва муаммоларга дуч келган.

Ушбу ҳолат Элтузарда ёритилганидан сўнг, мурожаат муаллифининг таъкидлашича, банк масъуллари муаммони қонуний тартибда ҳал қилиш ўрнига унга нисбатан босим ўтказишга киришган.

Тадбиркорнинг иддаосига кўра, вилоят бошқармасидаги Улуғбек исмли раҳбар “муаммони ижтимоий тармоққа ким чиқарган бўлса, ўшанинг кредитини тўхтатиш” ҳақида оғзаки кўрсатма берган. Шунингдек, кредитни расмийлаштириш жараёнини Норин тумани миқёсида имкон қадар тўхтатиш ва маблағ ажратмаслик чораларини кўриш талаб қилингани айтилмоқда.

Мурожаат муаллифи банк мутасаддиларининг бундай ҳаракатларини тадбиркорларни сарсон қилиш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини бузиш ва давлат томонидан яратилаётган имкониятларга тўсқинлик қилиш деб баҳолаган.

“Ижтимоий тармоқдаги чиқиш ёки танқид банк ходимларининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги ёки мижозга асоссиз рад жавоби бериши учун асос бўла олмайди”, дейилади мурожаатда.

Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” раҳбариятидан ҳолатга ҳуқуқий ва интизомий баҳо беришни сўраган. Шунингдек, кредит олиш жараёнида қонун устуворлиги ва барча учун тенг шароитлар таъминланишини назоратга олишни ҳамда 60 миллион сўмлик кредит ажратилиши бўйича амалий ёрдам беришни талаб қилган.

Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан “Бизнесни ривожлантириш банки” Наманган вилояти бошқармаси ёки Марказий банк томонидан расмий муносабат билдирилгани маълум эмас.