Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани судида давлат айбловчиси Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаевни 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. У бир нечта коррупциявий жиноятларни содир этишда айбланмоқда. Суд ҳукми ҳали эълон қилингани йўқ.

Отахўжаев ва у билан бирга айбланаётган яна беш нафар шахс устидан очиқ суд жараёни 2026 йил 24 апрелда бошланган. Илгари тарқатилган расмий маълумотларда собиқ ҳоким 60 минг доллар пора олишда гумонланиб ушлангани, судланувчиларга пора олиш, фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги ва бошқа жиноятлар бўйича айблов қўйилгани айтилганди.

Бироқ мазкур ишдаги асосий шахслардан бири сифатида тилга олинаётган Жўрабек Байхановнинг аввалги фаолияти адвокатларда жиддий саволлар уйғотган.

Элтузарга тақдим этилган суд ҳукмлари ва уч нафар адвокат имзолаган мурожаатга кўра, Байханов 2022–2025 йилларда Наманган вилоятида кўрилган камида 18 та жиноят ишида жабрланувчи, аризачи ёки тезкор тадбир иштирокчиси сифатида қатнашган.

Ҳужжатларда Наманган шаҳри, Чортоқ, Поп, Тўрақўрғон, Чуст, Учқўрғон ва бошқа туман судларида кўрилган ишлар келтирилган. Улар орасида пора олиш ва бериш, фирибгарлик, ер ҳамда уй-жой савдоси, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш, фоҳишахона ташкил этиш ва бошқа жиноятлар бор.

Айрим ҳолатларда Байханов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, кимёвий ишлов берилган пулларни топширган ва тезкор тадбирларда иштирок этган. Унинг кўрсатмалари ҳамда иштирокида ўтказилган тадбирлар натижасида бир қатор шахсларга қамоқ, озодликни чеклаш ва ахлоқ тузатиш жазолари тайинланган.

Адвокатлар мурожаатида 38 ёшли Байхановнинг ўзи ҳам Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси билан тўрт марта судлангани қайд этилган. Бу маълумот бўйича расмий идораларнинг алоҳида изоҳи ҳозирча очиқланган эмас.

Мурожаат муаллифлари Байханов Наманганнинг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаевни ҳам пора олишга ундаган, шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда. Аммо ушбу даъво ҳозирча суд қарори билан тасдиқланган эмас.

Адвокатлар Ички ишлар вазирлигидан Байхановнинг турли жиноят ишларида такрорий иштирокини ўрганиш, уни жабрланувчиларга оид махсус реестрга киритиш ва кейинги фаолияти устидан назорат ўрнатишни сўраган.

Ҳужжатларни имзолаган адвокатлар бир шахснинг қисқа вақт ичида 18 та жиноят ишида жабрланувчи ёки тезкор тадбир иштирокчиси сифатида пайдо бўлишини тасодиф деб бўлмаслигини таъкидламоқда.

Айни пайтда, Байхановга нисбатан билдирилган ушбу эътирозлар адвокатларнинг позицияси бўлиб, унинг қонунга хилоф ҳаракат қилганини ўз-ўзидан исботламайди. На Байхановнинг, на Ички ишлар вазирлиги ва прокуратуранинг мазкур мурожаат юзасидан муносабати маълум.

Анвар Отахўжаевга нисбатан якуний қарорни суд қабул қилади. Ҳукм қонуний кучга киргунига қадар у ва ишнинг бошқа фигурантлари айбсиз ҳисобланади.