СОБИҚ ВАЗИР ВА ТАДБИРКОР ЎРТАСИДАГИ НИЗО
Наманганда кўп қаватли уйлар қурилиши бўйича собиқ вазир Алишер Ваҳобов ва тадбиркор Одилжон Юлдашев ўртасидаги низо жиноят ишига айланди. 7 йилдан ортиқ қамоққа ҳукм қилинган Юлдашев тергов ва суд адолатсиз ўтганини даъво қилмоқда.
(ёхуд 7 йиллик қамоқ жазоси, мулкий даъволар ва апелляциядаги хавотирлар)
Наманган вилоятида кўп қаватли уйлар қурилиши атрофида юзага келган низо яна жамоатчилик эътиборига чиқди. Ҳозирда жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан 7 йил 11 ой 8 кун озодликдан маҳрум этилган тадбиркор Одилжон Юлдашев Президент, Сенат, Омбудсман, Олий суд, Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат йўллаб, ўзига нисбатан юритилган тергов ва суд жараёнлари адолатсиз бўлганини иддао қилди.
Юлдашев айни пайтда Наманган вилояти ИИБ тергов ҳибсхонасида сақланаётганини билдириб, ўзини собиқ амалдор ва инвестор сифатида иштирок этган Алишер Ваҳобов билан боғлиқ низо қурбони деб ҳисоблашини маълум қилган.
Қурилиш лойиҳаси ва инвестор жалб қилиниши
Мурожаатда айтилишича, Одилжон Юлдашев 2018-2020 йилларда Наманган шаҳрида “Buyuk Nazar” ва “Yunusobod Well-Build Group” масъулияти чекланган жамиятларини ташкил этган. Бу корхоналар кўп қаватли турар жой қурилиши билан шуғулланиши режалаштирилган бўлиб, Юлдашев ўзининг Қозоғистондаги қурилиш тажрибаси ва маблағлари асосида иш бошлаганини таъкидлайди.
Унинг сўзларига кўра, кейинчалик тадбиркор Равшан Абдуллаев билан ҳамкорликда Наманган шаҳри “Юксалиш” маҳалласидаги 35 ва 36-сонли, ҳар бири 7 қаватли икки турар жой объекти қурилиши бошланган. Қурилишнинг ертўла қисми уларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан қуриб битказилган.
Бироқ лойиҳани давом эттириш учун маблағ етишмагани сабабли инвестор жалб қилишга қарор қилинган. Шу тариқа, мурожаат муаллифи таъкидлашича, собиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов инвестор сифатида жараёнга кирган.
Юлдашевнинг билдиришича, томонлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, инвестор киритган маблағ квартиралар сотувидан қайтарилиши, соф фойданинг 65 фоизи Ваҳобовга, қолган 35 фоизи эса у ва ҳамкори ўртасида тақсимланиши, ертўла қисмлари эса қурилиш ташаббускорларида қолиши керак бўлган.
Мулк ва ширкатлар тақдири бўйича баҳс
Мурожаатда келтирилишича, Алишер Ваҳобов қурилиш учун жами 1 миллион 533 минг 750 АҚШ доллари ажратган. Бироқ Юлдашев маблағлар қисмларга бўлиб ва кечиктириб берилгани сабабли қурилиш жараёнида қарз олишга мажбур бўлганини айтмоқда.
Унинг иддаосига кўра, қурилишнинг умумий смета қиймати 29 миллиард сўм деб белгиланган бўлса-да, объектлар 20,5 миллиард сўмга қуриб битказилган. Шу маблағнинг 17 миллиард сўми инвестор ҳисобига, 3,5 миллиард сўми эса шахсий ва қарз маблағлари ҳисобига сарфланган.
Юлдашев яна бир муҳим нуқтага эътибор қаратади. Унинг айтишича, 2021 йил сентябрида инвестор талаби билан ўзига тегишли икки МЧЖ Алишер Ваҳобовга яқин шахслар ҳисобланган Шариф Бадалов ва Баҳром Ҳакимджанов номига расмийлаштирилган, бироқ ширкатлардаги улушлари учун ҳеч қандай ҳақ тўланмаган.
Жиноят иши ва босим ҳақидаги иддаолар
Мурожаат муаллифига кўра, шундан кейин унга нисбатан босимлар бошланган ва Наманган вилояти прокуратураси томонидан фирибгарлик ҳамда ҳужжатлар билан боғлиқ жиноят моддалари асосида иш қўзғатилган.
Юлдашев бу ишни оддий иқтисодий низо эмас, балки таъсир доираси ва маъмурий алоқалардан фойдаланган ҳолда ташкил қилинган жиноий таъқиб деб баҳолайди.
У собиқ вазирнинг аввал давлатнинг юқори лавозимларида ишлагани, ҳозирда хусусий таълим муассасалари билан боғлиқ фаолият олиб бораётганини таъкидлаб, айнан шу имкониятлар тергов ва суд жараёнларига таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини илгари сурган.
Юлдашевнинг фикрича, қурилган объектлардан катта даромад олинган бўлишига қарамасдан, айнан у жиноятчи сифатида кўрсатилган.
Терговчи ва судга нисбатан эътирозлар
Мурожаатда терговчи Ж. Қозоқов ҳаракатлари ҳам танқид қилинган.
Юлдашевнинг иддаосига кўра, унга тегишли ертўла мулклари аввал ашёвий далил сифатида хатланган, кейинчалик эса терговчи ваколатини суиистеъмол қилиб, ушбу мулкларни тақиқдан чиқаришга ва бошқа томонга ўтишига кўмаклашган.
Шунингдек, у ва оила аъзоларига босим ўтказилгани, ҳатто мулк бериш эвазига озодлик масаласи муҳокама қилинганини даъво қилган.
Мурожаатда яна бир ҳолат тилга олинади. Юлдашевнинг билдиришича, Алишер Ваҳобов аввал унга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида ёзма тилхат берганидан кейин қамоқ эҳтиёт чораси енгиллаштирилган, аммо кейинчалик судга келиб позициясини ўзгартирган ва уни қамоққа олишни талаб қилган. Шундан сўнг суд уни залнинг ўзида қамоққа олгани таъкидланади.
Апелляция жараёни ва янги баёнот
Айни вақтда иш Наманган вилояти судида апелляция тартибида кўрилмоқда.
Юлдашев мазкур босқичга ҳам ташқи таъсир бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
У мурожаатида яна бир муҳим ҳолатни тилга олади. Унинг айтишича, жиноят ишини қўзғатишга асос бўлган мурожаат фуқаро Равшан Абдуллаев номидан берилган бўлса-да, 2026 йил 14 майдаги суд мажлисида Алишер Ваҳобовнинг вакили Баҳром Ҳакимджанов аризани шахсан ўзи ёзганини ва уни Абдуллаев номидан юборганини айтган.
Юлдашев бу ҳолат жиноят иши қўзғатилишига асос бўлган мурожаатнинг ҳақиқий манбаи ҳақида жиддий саволлар уйғотишини таъкидлайди.
Маблағ манбаси бўйича саволлар
Мурожаатда кўтарилган яна бир муҳим жиҳат инвестор сифатида тилга олинган собиқ вазир Алишер Ваҳобовнинг қурилиш лойиҳасига киритган маблағлари манбаси билан боғлиқ.
Одилжон Юлдашевнинг иддаосига кўра, А.Ваҳобов қурилиш учун жами 1 миллион 533 минг 750 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган. Бу эса жамоатчилик олдида табиий саволни юзага келтиради: давлатнинг юқори лавозимларида ишлаган собиқ амалдорда бундай йирик инвестиция маблағи қандай манбалар ҳисобидан шаклланган?
Мурожаат муаллифи ушбу ҳолатни ҳам ваколатли органлар томонидан текшириш зарур, деб ҳисоблайди. Хусусан, у А.Ваҳобов ва унга алоқадор шахслар ҳаракатларига фирибгарлик, таъмагирлик, солиқдан қочиш, маблағларни ноқонуний нақдлаштириш ҳамда мулкларни эгаллаш ҳолатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Айни пайтда мазкур маблағларнинг келиб чиқиши бўйича очиқ расмий маълумот ёки ваколатли органлар хулосаси маълум эмас. Шу сабабли бу масалага ҳам ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан аниқлик киритилиши жамоатчилик манфаати нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Давлат органларидан нима сўралмоқда?
Мурожаат якунида тадбиркор давлат раҳбарияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бир нечта талабни илгари сурган.
Жумладан, у:
– Наманган вилояти судидаги апелляция жараёнининг холис ўтишини таъминлаш;
– Тергов ва суд жараёнларига эҳтимолий ноқонуний аралашувларни текшириш;
– Алишер Ваҳобов ва бошқа алоқадор шахслар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш;
– Етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш;
– Ўзининг конституциявий ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Ҳозирча мазкур мурожаат юзасидан расмий идоралар ёки мурожаатда номи келтирилган шахслар муносабати маълум эмас. Иш апелляция инстанциясида кўрилаётгани сабабли унинг якуний ҳуқуқий баҳоси суд қарорларидан кейин маълум бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг