НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ПЕДАГОГИК МАҲОРАТ МАРКАЗИДАГИ ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЛАР ИЗИ
Наманган вилояти педагогик маҳорат марказида сунъий тўлдирилган гуруҳлар, дарсга келмаган тингловчиларни рўйхатга қўшиш ва асоссиз устамалар орқали бюджетга юз миллионлаб сўм зарар етказилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Элтузар ушбу иддаоларни ўрганди.
Наманган вилояти педагогик маҳорат марказида малака ошириш курслари сунъий тўлдирилган гуруҳлар учун очилаётгани, дарсга келмаган тингловчилар рўйхатга киритилгани ва бу орқали давлат бюджетига катта миқдорда зарар етказилаётгани ҳақида жиддий мурожаат Элтузарга келиб тушди. Иддаоларни асослаш учун 2024-2026 йиллардаги ўқув журналлари, имзолар ва тўловларни текшириш кифоя, дейди тингловчилар.
Элтузарга тақдим этилган маълумотларга кўра, малака ошириш курслари учун гуруҳлар белгиланган тартибда тўлмаган ҳолда ҳам очилиб, рўйхатлар дарсга келмайдиган ёки ўзи умуман мавжудлиги шубҳали тингловчилар ҳисобига тўлдирилмоқда.
Бир гуруҳ учун давлат бюджетидан камида 13 миллион сўм сарфланади, ҳар ойда бир нечта тўлмаган гуруҳлар очилиши орқали бюджетга юз миллионлаб сўм зарар етмоқда.
Шунингдек, марказда айрим ходимларга асоссиз устамалар ёзилгани, мутахассислиги мос келмайдиган кадрлар ишлаётгани, фақат магистратурани битирган айрим шахслар тўлиқ ставкада ишламоқда. Ўқиш сифати ҳақида ҳақиқатни айтган аёл педагогга нисбатан босим, туҳмат ва зўравонлик бўлаётгани ҳам маълум.
Элтузар бошқа савол билан бутун таълим тизимига юзланади: дарслари ўлда-жўлда, тестлари коррупция билан ҳал бўладиган бу шўринг қурғур малака ошириш деган ёлғон-яшиқ кўзбўямачиликнинг нима керакги бор ўзи?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг