Наманган вилоятидаги Педагогик маҳорат маркази директори Ш. Азибоев ва унинг ўринбосарлари М. Тўхтасинов ҳамда А. Абдуллаев фаолияти борасида жиддий шикоятлар Элтузарга юборилди.

Маълумотларга кўра, магистратурада ўқиётган ходимларнинг тўлиқ ставкада ишлаши мумкин эмаслиги қонун билан белгилангани ҳолда айрим шахслар бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиб, ҳам тўлиқ ишлаб, ҳатто устама ҳам олмоқда.

Шунингдек, марказда тажрибали, илмий даражали педагоглар ишдан четлатилиб, ўрнига тажрибасиз кадрлар олинаётгани айтилмоқда. “Илм, мақола, китоб бу ташкилот учун бир тийин. Мутахассислар қадри ерга уриляпти» – дейди мурожаатчилар.

Иддаоларга кўра,
Марказга ишга кириш “нархи” 800-1000 доллар атрофида.
Бир ой дарсга қатнашмасдан сертификат олиш кираси эса 300-500 доллар. Лойиҳа ишини “ёпиш” ва тестдан ўтиш 250 мингдан 500 минг сўмгача баҳоланади.

Оммалаштириш ишларининг ҳам “тарифи” бор: республика, вилоят, туман миқёсига қараб алоҳида “ставка” белгиланган.

Лойиҳа ишларини ўқитувчиларнинг ўзи эмас, марказдагилар ёзиб бераётгани, тест саволлари олдиндан “сотилаётгани” ҳақида ҳам иддаолар мавжуд.

Сертификат тўлов қобилиятини тасдиқлайдиган ҳужжатга айланиб қолмаяптими?

Мактаблардаги турли тадбирлар (КРК, КРС) ҳам айрим жойларда пулга айланиб бораётгани ҳақида шикоятлар бор. Машғулотларда қатнашмаса ҳам “давоматларда йўқ бўлиб кетмаслик” учун тўлов қилиш амалиёти пайдо бўлгани жуда хавфли сигнал эмасми?

Наманган Педагогик маҳорат марказига ҳам мутасаддилар жиддий эътибор қаратиши, баҳолаш тизими шаффофлигини таъминлаши зарур. Қолаверса, иддаоларнинг ҳар бири ваколатли ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширилиши, тасдиқланса, қонуний чоралар кўрилиши шарт.