Фуқароларнинг ҳарбий хизмат бадалини ходимнинг чўнтагидан тўлатиш, санасиз бўшаш аризаларини йиғиб олиш ва шикоятга учраган раҳбарнинг ваколатини кенгайтириш. Наманган вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари номидан Элтузарга келган мурожаатда тизимдаги босим ва раҳбарларнинг ўзаро ҳимояси ҳақида шундай даъволар билдирилган.

Мурожаат муаллифларининг айтишича, айрим ходимлар ўзларига бириктирилган ҳудуддаги фуқаролар учун сафарбарлик чақируви резерви – СЧР пул бадалларини шахсий маблағидан тўлашга мажбур қилинган. Улар орасида сарфлаган пулини фуқаролардан ҳалигача қайтариб ололмаётган хизматчилар борлиги айтилмоқда.

Яна бир жиддий даъво – ходимлардан олдиндан санаси қўйилмаган ишдан бўшаш аризалари ёздириб олингани. Муаллифлар бу амалиётни раҳбарларни жавобгарликдан четда қолдириш воситаси деб ҳисобламоқда.

«Агар хизматчи коррупцион ҳолат билан қўлга олинса, сана қўйилиб, уч кун аввал ишдан бўшатиб юборилади», – дейилади мурожаатда.

Шикоятнинг асосий қисми Учқўрғон тумани Мудофаа ишлари бўлимининг собиқ бошлиғи, подполковник Н. Сатвалдиев фаолиятига қаратилган. Муаллифлар уни жамоада бир-бирининг устидан хабар етказиш муҳитини яратиш, ўзига бўйсунмаган ходимларга босим ўтказиш ва ходимларни қадрламасликда айбламоқда.

Уларнинг ёзишича, Сатвалдиевнинг Учқўрғондаги фаолияти юзасидан аввал ҳам Элтузарга мурожаатлар бўлган. Ўша шикоятларда бўлим таъмири баҳонасида қарийб 50 туп кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтни ноқонуний кестириш ҳамда ёғоч ва қурилиш материалларини сотиб юбориш ҳақида даъволар билдирилган.

Бироқ, мурожаатга кўра, Сатвалдиев интизомий чора ўрнига вилоят чақирув бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. Муаллифлар бу тайинловни Наманган вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Р. Холметов билан боғламоқда.

Сентябрдан чақирув ва СЧР бўлинмалари бирлаштирилгач, қўшма бўлинмага ҳам Сатвалдиев раҳбар этиб тайинлангани айтилмоқда. Ходимлар фикрича, натижада шикоятлар марказидаги раҳбарнинг ваколати янада кенгайган.

Мурожаатда дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбурлаш, норозилик билдирганларга эса ишдан кетишни таклиф қилиш ҳақида ёзилган.

«Шанба, якшанба деган нарса йўқ. Топиб олганлари: “Ойлик кўтариляпти, ёқмаса – катта кўча, ишлайман деганлар қалашиб ётибди”», – дея раҳбарга нисбат берилган гапларни келтиради муаллифлар.

Улар Сатвалдиев бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига чиқишни кўзлаётгани ва шу мақсадда туман бўлинмаларига ҳам ходимлар орқали босим ўтказаётганини даъво қилмоқда.

«Фақат раҳбарнинг кўзига ишлайдиган, ходимни қадрламайдиган раҳбар билан ишлашдан норозимиз», – дейилади мурожаатда.

Муаллифлар Шарқий ҳарбий округ кадрлар аппаратига ҳам савол қўйган: нега айрим ҳарбий хизматчилар оилавий шароити сабаб хизмат ҳудудини ўзгартириш учун илтимоснома ёзишга мажбур бўлаётган бир пайтда, бошқалар бир ҳудудда йиллаб ишлаб, бир раҳбарлик лавозимидан бошқасига ўтавермоқда?

Улар Сатвалдиевни салоҳиятли кадр деб ҳисоблашса, уни чақирув ва СЧР натижалари паст ҳудудларда синаб кўришни таклиф қилган.

Мурожаат Мудофаа вазирлиги, Сафарбарлик бош бошқармаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс тузилмаларига текширув ўтказиш талаби билан якунланган.

Ходим нега фуқаронинг бадалини ўз чўнтагидан тўлаши керак? Санасиз бўшаш аризалари кимнинг ташаббуси билан йиғилган? Аввалги шикоятлар текширилганми ва раҳбарлик тайинловларида нималар асос қилиб олинган? Мурожаатда кўтарилган масалалар шу саволларга аниқ жавоб талаб қилади.

Келтирилган айбловлар мурожаат муаллифларининг баёноти бўлиб, мустақил тасдиқланган фактлар сифатида тақдим этилмаяпти. Тақдим этилган материалда номлари тилга олинган раҳбарлар ва масъул идораларнинг муносабати мавжуд эмас.