Элтузарга Наманган вилоятидаги туман ахборот хизматлари ходимлари номидан навбатдаги мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифларининг билдиришича, 19 сентябрь куни Элтузар каналида вилоят матбуот котиби Илҳом Раҳматовнинг туманлардаги матбуот котибларидан пул ва турли совға-саломлар олиши ҳақидаги шикоят эълон қилинганидан сўнг, шу куни соат 16:00 да туман матбуот котиблари вилоят ҳокимлигига йиғилишга чақирилди.

Йиғилиш давомида Илҳом Раҳматов кимдан қанча маблағ олган бўлса, қайтариб беришини айтди ва бу масалани оммага олиб чиқиш шарт эмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, мурожаатчиларнинг даъвосига кўра, у яқинда иш бошлаган матбуот котибларини бирма-бир текширтириб, ишдан олиш билан таҳдид қила бошдади.

Йиғилишда матбуот котибларидан «эътирозимиз йўқ» мазмунида ёзма баёнотлар олинганига нима дейсиз? Босим остида ёздирилган бу тилхатнинг қандай юридик кучи бор ўзи?

Эътироз билдирган ходимларни ижтимоий тармоқларда обрўсизлантириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги алоқалар орқали уларга босим ўтказишни оқлаб бўлмайди. Вилоят ахборот хизмати раҳбариятининг туманларга ташрифи пайтида қиммат дастурхонлар ёзиш, мунтазам равишда озиқ-овқат маҳсулотлари ва мевали саватлар етказиб бериш, шунингдек, иш жойини сақлаб қолиш мақсадида пул бериш шарт. Бу гуманитар йўналишдаги мансабдорларга теккан касал – ходимнинг ойлигига кўз тикиб, аёвсиз бўшатиш ва ротация қилишдан қўрқмайди улар.

Наманган шаҳридаги «Ойдин Плаза», «Замин» каби жойларда меҳмон кутиш билан боғлиқ харажатлар ҳам навбатма-навбат туман матбуот котиблари зиммасига юкланяпти.

«Биз туман ахборот хизматларида холис ва ижодий муҳит бўлишини истаймиз. Раҳбарларнинг ташрифи учун қиммат дастурхон қилиш, ҳар кварталда уларнинг уйига қази-қарта, озиқ-овқат ва мевали саватлар олиб бориш ёки ишдан олинмаслик учун ойма-ой пул беришга мажбур бўлмайдиган шароитда ишлашни хоҳлаймиз. Ойлик маошимиз ўз оиламизга етиб боришини истаймиз», — дейилади мурожаатда.

Мурожаат муаллифлари ушбу ҳолатлар юқори турувчи ташкилотлар томонидан холис ўрганилиши, туман ахборот хизматлари ходимларига нисбатан эҳтимолий босимларга ҳуқуқий баҳо берилиши ҳамда келтирилган даъволар юзасидан текширув ўтказилишини сўрамоқда.