НАМАНГАННИНГ «КЕЛАЖАК МАРКАЗИ» МАКТАБ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ МАЖБУРАН ТЕАТР ҲОМИЙСИГА АЙЛАНДИ
Наманганда «Келажак маркази» бўлимлари мактаб маслаҳатчиларини ҳар шанба вилоят театрига мажбурий равишда юбормоқда. Театр чипталари ва йўл харажатлари ходимларнинг ойлик даромадига сезиларли зарба бўлаётгани айтилмоқда.
Наманган вилояти Келажак маркази бўлими мактаб маслаҳатчиларини Республикадаги айни марказ раҳбари буйруғи билан бундан буён ҳар шанба куни театрга юборади.
2026 йил 2 май куни вилоят мусиқали драма театрида йиғилиш ўтказилди, ушбу йиғилишни Наманган вилояти “Келажак маркази” раҳбарияти ташкил этган.
Йиғилишда вилоятдаги барча мактаб маслаҳатчилари қатнашди, 4 дақиқалик нутқдан сўнг уларга 20 минг сўмлик театр чипталари мажбуран тарқатилди. Шу билан бирга, ҳар шанба куни “театр куни” сифатида белгиланиши маълум қилинди.
Узоқ туманлардан келган ходимлар йўл харажатига ўртача 50 минг сўм сарфлайди, театрга бориш ихтиёрий эмас, чипталар пуллик. Демак, умумий ҳисобда ойликнинг 250-280 минг сўми мана шу ташаббусга сарфланади.
Республика “Келажак маркази”, Наманган вилояти “Келажак маркази”, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юзланамиз. Мана шундай ташаббуслар ходим учун қанчага тушишини ҳисоблаб кўринг. Хўш, шунда бюджет ходимларининг реал даромади қанча экан?
Маданий тадбирлар ихтиёрий бўлиши керак. Мажбурий равишда пул йиғиш, бирор хизматдан фойдаланишга ундаш амалдаги умумий қонунчилик талабларига ҳам, меҳнат кодексига ҳам зид. Мажбурий театр томошаси борасида санаб ўтилган ташкилотларнинг бирортаси расмий изоҳ бера оладими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг