Элтузарга Наманган вилоятидаги воқеалар юзасидан хавотир билдирилган мактуб келиб тушди. Қуйида уни таҳрирланган ҳолда эълон қиламиз.

«Наманганда бирин-кетин ошкор бўлаётган жиноят ишлари вилоятдаги назорат, профилактика ва раҳбарларнинг жавобгарлиги ҳақида жиддий саволлар туғдирмоқда.

Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев пора олиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. yuz.uz Шундан кейин вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъули пора билан ушлангани ҳақидаги хабар тарқалди.

Чортоқда фуқароларни Умрага юбориш баҳонасида пул олингани ҳақидаги хабар, тамакининг яширин айланмасига оид маълумот, Учқўрғондаги беш ёшли қиз билан боғлиқ воқеа, кўча талончилиги акс этгани айтилган видеолар ва гиёҳванд моддалар муомаласига доир хабар ҳам одамларни ташвишга солмоқда.

Бу хабарларда тилга олинган ҳолатлар турли жиноят ишларига тааллуқли; уларнинг ҳар бири бўйича аниқ ва тўлиқ расмий ахборот зарур.

Наманган вилояти ҳокимлиги, ички ишлар ва прокуратура органлари бу воқеалардан қандай хулоса чиқаряпти? Қайси камчиликлар аниқланди, уларни бартараф этиш учун нима қилинди ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўриляпти?

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларидан жамоатчиликка очиқ ҳисобот беришни сўраймиз. Расмий муносабат фақат ушланганлар ҳақидаги қисқа хабар билан чекланмаслиги керак. Одамлар жиноятларнинг олдини олиш учун ким масъул эканини ва масъуллар ўз вазифасини қандай бажараётганини билишга ҳақли.

Биз Наманганни «хавфли ҳудуд» деб эълон қилмаяпмиз. Аммо кетма-кет тарқалаётган бундай хабарлар аҳолида шу хавотирни кучайтирмоқда. Уни тарқатиш ёки инкор этиш ўрнига, мутасаддилар далил ва амалий натижа билан жавоб бериши лозим.

Президент ва ваколатли идоралардан вилоят ҳамда туман раҳбарлари, шунингдек, тегишли тизим масъулларининг фаолиятини холис баҳолашни сўраймиз. Агар хизмат вазифасини бажаришда сусткашлик ёки қонунбузилиш аниқланса, унга ҳуқуқий баҳо берилсин. Мурожаатимиз эътиборсиз қолмасин.»