НАМАНГАНДАГИ «ЭНЕРГОСАВДО» ФИЛИАЛИДА КОРРУПЦИЯ ВА НЕПОТИЗМ АВЖ ОЛДИ
Намангандаги «Энергосавдо» ва Ҳудудий электр тармоқлари филиалида бир оила вакилларининг раҳбарлик лавозимларини эгаллаши, дебитор қарздорликлар ва молиявий операциялар атрофидаги шубҳалар коррупция ва непотизм хавфини кучайтирмоқда.
Наманган вилоятидаги Ҳудудий электр тармоқлари ва «Энергосавдо» филиалида айрим раҳбарлик лавозимларида қариндош-уруғлар жамлангани, бу эса соҳада манфаатлар тўқнашуви ва коррупция хавфини келтириб чиқараётгани ҳақида Элтузарга тизим ходимлари хабар берди.
Филиалда бир оиладан тўрт нафар шахс турли лавозимларга эга. Жумладан, Ғайрат Иргашев — Наманган вилояти ҲЭТК директори ўринбосари, Фурқат Иргашев — Давлатобод тумани ҲЭТК «Энергосавдо» бўлими бошлиғи, Қудрат Иргашев — Норин тумани ҲЭТК «Энергосавдо» бўлими бошлиғи, Шуҳрат Иргашев эса Учқўрғон тумани ҲЭТК раҳбари ўринбосари курсисида ўтиришибди.
Мурожаатда Наманган вилояти «Энергосавдо» бўлинмаси раҳбари Адҳам Мирзаев фаолияти бўйича ҳам турли даъволар билдирилган. Хусусан, унинг мол-мулки, чортоқлик ҳудудидаги ферма ва бошқа активлари, шунингдек, аввалроқ «умидсиз дебитор» қарзлар билан боғлиқ масалалар ҳақида хабарлар тарқалгани таъкидланади.
Наманган шаҳар марказ ҲЭТК директори Абдулбосид Исмоилов ходимларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши, тажрибали мутахассисларни ишдан четлатиб, ўрнига таниш-билишларини олиб келгани жамоанинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Наманган вилояти ҲЭТК ва «Энергосавдо» тизимидаги раҳбардар лавозимларига қандай тартибда тайинланган? Тизимдпги дебитор қарздорликлар билан боғлиқ операциялар, давлат харидлари ва молиявий операциялар, мансаб ваколатларидан фойдаланиш ҳолатлари, раҳбар ва уларга алоқадор шахсларнинг мол-мулки ҳамда даромадлари қонунчилик доирасила тафтиш қилиш керак.
Тизим ходимлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, Энергетика вазирлиги, «Энергосавдо» раҳбарияти ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигидан тафтиш ўтказиш, филиал фаолиятини назоратга олишни талаб қилишмоқда. Элтузар ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг