Намангандаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида 5 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида тарқалган хабар жамоатчиликни ларзага солди.

Хабарларда айтилишича, жиноятда боғча мудирининг хўжалик ишлари бўйича 52 ёшли ўринбосари гумон қилинмоқда. Энг оғриқлиси, гап бир марталик ҳолат эмас, болага нисбатан зўравонлик мунтазам давом этгани ҳақидаги даъволар устида кетмоқда.

Воқеадан кейин боғча мудирининг интервьюси ҳам кўплаб саволларни туғдирмоқда. У ҳолатдан хабарсиз бўлганини, таътилда эканини ва ўринбосарини одобли, оилали инсон сифатида билганини айтган. Атроф нафси бузуқ педофиллар билан ғужғон қайнаган пайтда эркак кишини ҳатто бир зумга боғчага киритиш ақлсизлик аслида.

Боғчада болалар хавфсизлиги учун ким жавоб беради ва бундай оғир ҳолат қандай қилиб ўз вақтида аниқланмаган?

Барча боғчаларни тўлиқ (ҳожатхонадан ташқари) 360 градусга айланадиган онлайн камералар билан жиҳозлаш шарт. Пул келтирадиган жарималар учун барча йўлларни қарич-қаричигача камера билан тўлдирдингиз. Болалар хавфсизлигига ҳам шундай жиддий ёндашинг, муҳтарамлар.

Бу воқеа битта боғча доирасида қоладиган масала эмас. Мактабгача таълим муассасаларида болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, ходимларни танлаш ва назорат қилиш, боланинг шикоятини тезкор аниқлаш механизмлари қай даражада ишлаётгани жиддий текширилиши керак.

Беш ёшли бола ўзини ҳимоя қила олмайди. Уни ҳимоя қилиш — катталарнинг, муассасанинг ва давлатнинг мажбурияти. Педофилларга ўлим ёки умрбод қамоқ жазосини қўллаш шарт. Бу ифлосларни фақат шу йўл билан тийиш мумкин.