Урганч шаҳридаги Мутаввали Сити аҳолиси кетма-кет муаммоларга дуч келишмоқда. Қурувчи уйни топшириб масалани ёпади, одамлар эса носозликлар билан юзма-юз қолади.

Ситининг кўп қаватли уйларида бир йил ичида 3–4 марта сув, лифт ва электр таъминоти узиб қўйилди. Сув ўчирилганда юқори қаватда яшайдиганлар10 литрлик идишларда 50–60 литр сувни юқори қаватга қўлда ташишга мажбур бўлишяпти. Чой ичиш, идиш-товоқ ювиш ва ҳожатхонадан фойдаланиш учун ҳам сув керак.

Ширкат вакиллари «балансида пул йўқ, электр тармоғига тўлов қилинмаган» деган жавоблар билан чекланишади. Қурувчи уйларни сотишда ширкат ташкил қилиниши, чиқиндилар мунтазам олиб кетилиши, подъезд ва лифтлар ювилиб, тоза сақланиши ваъда қилинган. Аммо амалда вазият бошқача.

«Бино остонасида чиқиндилар бир ойлаб тўпланиб ётади. Лифтлар жуда сифатсиз. Кунда-кунора нимадир бузилади, ўчиб қолади ёки чиқиндига ботиб ётади».

Бу муаммо Тошкентдан тортиб Хоразмгача айни шундай. Янги қурилган уйларнинг сув ва электр таъминоти муаммоли. Лифтлар носоз ва сифатсиз. Бирор тузилма вазиятни назоратга олмайди. Президент минбарда туриб топшириқ бермагунча маҳалла йиғинлари ва ҳокимларнинг парвойига ҳам келмайдими?