Урганч шаҳридаги янги турар-жой мажмуасида коммунал муаммолар тизимли тус олгани ҳақидаги танқидий хабарларга “Мутаввали Сити” раҳбарияти расмий муносабат билдирди. 

Маъмуриятнинг маълум қилишича, мажмуада сув, лифт ва электр таъминоти билан боғлиқ вазият тўлиқ назоратда бўлиб, тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Илгари Элтузар Урганч шаҳридаги «Мутаввали Сити» турар-жой мажмуасида сув, лифт ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар тизимли тус олгани ҳақида хабар берган эди.

“Энг замонавий лифтлар қўйилган, ишлаб турибди. Баъзида хонадон эгалари белгиланган нормадан ортиқ юк билан лифтга чиқса тўхтаб қолган бўлиши мумкин, лекин ҳамма лифтлар ишлаб турибди. Сув ҳам доим бор. Домда бир эмас учта насос қўйилган, ҳаммаси ишлайди”, – деди “Мутаввали Сити” раҳбари Анвар Мутавалли.

Лифтлар ишлаяптими, сув насослари-чи? «Мутаввали Сити» маъмурияти Элтузар хабарига жавобан мажмуа инфратузилмасини кўрсатди.

Хабарда ширкат томонидан «балансда пул йўқлиги ва электр тармоқларига тўлов қилинмагани» айтилгани ҳақидаги иддаолар қисман ноаниқликка асосланган. Айрим ҳолатларда коммунал хизмат кўрсатиш тўловларининг ўз вақтида тўланмаслиги ёки аҳоли томонидан қарздорлик юзага келиши умумий тармоқ фаолиятига вақтинчалик таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, раҳбарият бу каби узилишларнинг олдини олиш ва муаммони бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрмоқда.

«Мутаввали Сити» маъмурияти ҳар бир истиқомат қилувчининг қулай ва хавфсиз яшашини таъминлаш учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқотни давом эттирган ҳолда, мавжуд камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш бўйича барча чоралар кўрилади.