«МУСТАҚИЛЛИК ЗАФАРНОМАСИ» БАҲОНАСИДА БЮДЖЕТДАН ҚАНЧА ПУЛ ЮВИЛЯПТИ?
«Мустақиллик зафарномаси» китоблари учун туман ва шаҳарлар тарихи ёзилмоқда, аммо 208 та ҳудудда ижодкорларга қалам ҳақи тўланмаяпти. Лойиҳанинг молиявий шаффофлиги, смета ва бюджетдан ажратилган маблағлар ҳамон сир сақланмоқда.
Давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб шаҳар ва туманларнинг тарихини акс эттирувчи «Мустақиллик зафарномаси» китобларини тайёрлаётган ижодкорларга қалам ҳақи тўланмаяпти.
Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси раиси бошчилигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган. Унда давлат раҳбари топшириғи асосида ҳар бир шаҳар ва туман ўзининг мустақиллик зафарномаси китобини тайёрлаши белгиланган.
Шундан сўнг ҳудудларда ёзувчи ва ижодкорлардан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, китобларни тайёрлаш ишлари бошланган. Ҳозир аксарият туманларда китоблар ёзиб тугатилган, қораламалар бир неча бор муҳокама қилинган.
Бироқ муаллифларнинг таъкидлашича, бажарилган меҳнат учун қалам ҳақларини тўлаш масаласи ҳануз ҳал этилмаяпти. Ижодкорлар тайёрлаган китоб қораламалари бўйича бир неча бор муҳокамаларга чақирилган, аммо меҳнат ҳақи масаласида аниқ ечим берилмади. Зафарномани томсувоқ қилиб битиришми мақсад?
208 та туман ва шаҳарда ижодкорларга қалам ҳақи тўланмади. Ижодкорлар бу ҳолатни давлат раҳбарининг маданият, санъат ва адабиёт вакиллари билан учрашувларида билдирилган топшириқларга зид, деб ҳисобламоқда.
«Нега катта ваъдалар берилиб, охир-оқибат биз сарсон бўлиб қолдик? Китоблар тайёрланиб, бир неча марта муҳокама қилинган бўлса, меҳнат ҳақимиз қачон тўланади?» — дея савол қўймоқда мурожаат муаллифлари.
Ўзбекистонда тил, санъат ва маънавиятга оид ҳар қандай ташаббусдан шубҳали иқтисодий махинациялар ҳиди келади. Қўлда ушлаб бўлмас, мавҳум ғоявий ташаббусларнинг қандай бажарилгани, масштаби ва самарасини белгилаб бўлмайди. Масалан, мустақиллик байрамига қадар барча йўлларни текислаймиз деган кампания бюджетни талон-торож қилиш ярамайди. Чунки бунақа кампаниянинг аниқ натижаларини сарҳисоб қилиш мумкин. Шунинг учун байрамолди обод маҳалла, саришта уй тадбирлари ўтказиб, солномаю зафарномалар нашр қилдириш бюджет маблағларини ҳазм қилиб юбориш учун қулай.
Ҳурматли лойиҳа ташаббускорлари, фуқаролар учун «Мустақиллик зафарномаси» деган китоб зарурати йўқ. Солиқлардан, барчамизники ҳисобланган қазилма бойликлару, бошқа соҳалардан ҳосил бўладиган бюджет маблағини Зафарномага сарфлар экансиз, бунинг бирор сметасини тақдим этинг. Жамоатчилик бу ташаббусга қанча маблағ ажратилгани, муаллифларга қанча гонорар берилишини билишга ҳақли.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг