17 июнь куни Элтузарда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Бекзод Мусаев атрофидаги коррупция иддаолари ҳақида мақола эълон қилинди. Унда агентликнинг собиқ ходими, Корея Республикасидаги ваколатхона собиқ раҳбари Азизбек Тоштемировнинг Телеграмда эълон қилган ёзишмалари, аудиофайллари ва иддаолари асосида бир қатор саволлар ўртага ташланган эди.

Мақола жамоатчилик орасида катта муҳокамага сабаб бўлди. Унга қолдирилган изоҳлар орасида Ўзбекистон телевидениесининг таниқли сухандонларидан бири Муслимбек Йўлдошевнинг муносабати ҳам бор.

Йўлдошев ўз изоҳида муаммони фақат бир шахснинг жазоланиши ёки жазоланмаслиги билан чекламайди. Унинг фикрича, энг оғир ҳолат – давлат идораларида амалдорлар шахсий бойишни асосий мақсадга айлантиргани ҳақидаги жамоатчилик тасаввурининг кучайиб бораётганидир.

“Ёмони бу шахс жазоланмаслиги эмас, балки давлат идораларининг ҳамма — 100 фоиз амалдорлари шу иш билан, ўз чўнтагини бойитиш билан бандлигида!” деб ёзади таниыли сухандон.

Муслимбек Йўлдошевнинг ёзганларини жамиятда йиллар давомида йиғилиб келаётган ишончсизлик кайфиятининг кескин ифодаси сифатида кўриш мумкин. Унинг изоҳидаги энг муҳим нуқта эса жамоатчиликнинг тергов, мансабдорлар жавобгарлиги ва юқори лавозимдаги шахсларга нисбатан адолатли муносабат бўлишига ишончи заифлашганидир.

Муслимбек Йўлдошев 1970-йиллар охиридан буён Ўзбекистон телевидениесида фаолият юритиб келган, “Ахборот”, “Туркистон”, “Ҳафтанома”, “Ассалом, Ўзбекистон” каби дастурлар орқали бир неча авлод томошабинга таниш бўлган машҳур сухандондир. У нафақат телебошловчи, балки шоир, ёзувчи ва маданият соҳаси вакили сифатида ҳам танилган.

Шу маънода унинг изоҳини Совет даври, мустақилликнинг илк йиллари ва кейинги сиёсий даврларни ўз кўзи билан кўрган маданий авлод вакилининг аччиқ хулосаси сифатида кўриш лозим.

Миграция агентлиги атрофидаги можаро эса бир неча қатламли. Бир томонда – Кореяга одам юбориш бўйича йирик фирибгарлик ва коррупция иши, Интерпол қидирувидаги собиқ амалдор, жабрланган фуқаролар ва миллионлаб долларлик иддаолар бор. Иккинчи томонда – ўша собиқ амалдорнинг агентлик раҳбариятига қарши эълон қилган ёзишмалари, Беҳзод Мусаевнинг аудиолари бор.

Ҳозирча Азизбек Тоштемировнинг Бекзод Мусаевга нисбатан билдирган иддаолари мустақил суд ёки расмий тергов қарори билан тасдиқлангани маълум эмас. Шунингдек, Беҳзод Мусаев мазкур иддаолар юзасидан очиқ ва батафсил изоҳ бергани ҳам кўринмаяпти. Кўринмаса керак. Каримов даврида йирик иқтисодий жиноятлар содир қилиб Францияда сиёсий бошпана олиб юрган, кейин эса тупадаги окахони ёрдамида катта лавозимларда ишлаган Беҳзод Мусаев доимо можаролар марказида бўлиб келган ва ҳеч қачон жазога тортилмаган.  

Айнан шу жимлик фонида жамоатчилик саволлари кучаймоқда: агар Кореяга одам юбориш тизимида шунчалик катта коррупция схемаси бўлган бўлса, у қандай қилиб фақат қуйи ва ўрта бўғин ходимлари даражасида қолиши мумкин? Тизимнинг юқори раҳбарияти, жумладан Беҳзод Мусаев бу жараёнлардан бехабар бўлганми? Агар бехабар бўлган бўлса, бу коррупцион иш унинг бошқарувидаги, юмшоқ қилиб айтганда, нуқсонларни кўрсатмайдими? Агар хабардор бўлган бўлса, унда нега бу ҳақда расмий жавоб йўқ?

Муслимбек Йўлдошевнинг “мутлақо ҳеч қандай чора кўрилмайди” деган гапи ҳам айнан шу нуқтага урғу беради. Бу жумла тергов якуни ҳақидаги аниқ башоратдан кўра кўпроқ, халқ орасида шаклланган умидсизлик кайфиятининг рамзидир. Яъни кўпчилик йирик коррупция ишларида “катталар эмас, кичиклар жавоб беради” деган тасаввурга эга.

Бу эса ҳар қандай давлат учун хавфли кўрсаткичдир. Чунки коррупциядан ҳам оғирроқ нарса – коррупцияга қарши курашга ишончнинг йўқолишидир. Агар жамоатчилик тергов бошланишидан олдиноқ “барибир ҳеч нарса бўлмайди” деган хулосага келса, демак, муаммо фақат битта ишда эмас, балки адолат тизимига бўлган ишончда.

Бундай ҳолатда давлат идоралари учун энг тўғри йўл – жим туриш эмас, очиқликдир. Миграция агентлиги, Бош прокуратура ва бошқа мутасадди идоралар жамоатчилик олдида аниқ саволларга аниқ жавоб бериши керак: Корея йўналишидаги схема қайси даврда шаклланган? Қайси мансабдорлар сўроқ қилинган? Юқори лавозимдаги раҳбарлар текширилганми? Эълон қилинган аудио ва скриншотлар экспертизадан ўтказиладими? Агентлик раҳбарига нисбатан хизмат текшируви тайинланганми ёки тайинланадими?

Акс ҳолда, Муслимбек Йўлдошев каби таниқли шахсларнинг кескин изоҳлари янада кўпроқ одамлар кайфиятини ифодалай бошлайди. Бу эса давлат идоралари учун оддий танқид эмас, балки ишонч инқирозининг белгисидир.

Элтузар ушбу иш бўйича Беҳзод Мусаев, Миграция агентлиги, Бош прокуратура ва бошқа масъул идораларнинг расмий изоҳларига очиқлигини яна бир бор маълум қилади.