МУСИҚА ЎҚИТУВЧИЛАРИНИНГ МИЛЛИЙ СЕРТИФИКАТ БАЛЛАРИ АТАЙИН ПАСАЙТИРИЛЯПТИМИ?
Ўзбекистонда мусиқа ўқитувчилари миллий сертификат имтиҳонларида амалий баллари пасайтириб қўйилгани, ведомостдаги рақамлар билан эълон қилинган натижалар ўртасида тафовут борлигидан норози. Улар баҳо ўзгаришларига аниқ изоҳ талаб қилмоқда.
Ўзбекистонда мусиқа ўқитувчилари ўртасида миллий сертификат имтиҳонлари натижалари бўйича жиддий норозиликлар кузатилмоқда.
Элтузарга мурожаат қилган ўқитувчиларнинг таъкидлашича, улар амалий имтиҳонда олган ҳақиқий балллари кейинчалик натижаларда тушириб қўйилган. Масалан, ўқитувчилардан бири 5 март куни ўтган амалий имтиҳонда 73 балл олганини, бу баллни расмий ведомостьда кўриб, унга шахсан қўл қўйганини таъкидламоқда. Аммо эълон қилинган якуний натижада унинг амалий баҳоси 63 балл қилиб кўрсатилган, бу 10 балл фарқ дегани. Ва айнан шу 10 балл ўқитувчи учун муҳим бўлган сертификат даражасига таъсир қилган.
Агар ўқитувчи ведомостьда 73 баллга қўл қўйган бўлса, нега натижа 63 бўлиб чиқди? Бу ўзгариш қачон ва ким томонидан, нима асосда киритилган?
Ўқитувчиларга кўра, бу ҳолат якка ҳолат эмас. Бошқа ҳудудлардаги мусиқа ўқитувчилари орасида ҳам шунга ўхшаш шикоятлар кўпаймоқда.
Тест натижалари Rasch modeli асосида қайта ҳисобланиши мумкин. Лекин амалий имтиҳон комиссия олдида, жонли баҳоланадиган жараён. У ерда берилган балл ва қўйилган имзо расмий ҳужжат ҳисобланади.
Шунинг учун ўқитувчилар амалий имтиҳон ведомостларини қайта кўриб чиқиш, ҳар бир ўзгаришга расмий изоҳ беришлишини талаб қилмоқдалар.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг