МУШТ БИЛАН БОШҚАРУВ
Ўзбекистонда баъзи ҳокимлар ҳали ҳам мушт ва ҳақоратни «бошқарув усули» деб билмоқда. Президентлар танқид қилганига қарамай, калтаклаш, сўкиш, саҳрода «тренинг» ўтказиш каби ҳолатлар доимий равишда такрорланяпти.
Ўзбекистонда ҳокимнинг қўл остидаги ходимни ёки фермерни сўкиши ёки уриши миллий менталитетнинг бир қисмига айланган.
Ҳокимлар ҳақида ҳар сафар янги жанрда хабар чиқади: бири фермерни ҳақорат қилган бўлади, бири мулозимни сувга бўктирган бўлади, яна бири кимнидир қувиб юрган бўлади.
Қизиғи шундаки, мамлакатда муштумзўрликка ҳатто президентлар ҳам гапирган.
2009 йилда Ислом Каримов: «Мушт билан бошқарадиган раҳбарлардан воз кечамиз», деган.
2017 йилда Шавкат Мирзиёев: «Қўл кўтарадиган раҳбарлар давлат сиёсатига қарши чиқяпти», деган.
Аммо баъзи ҳокимлар бу гапларни, тавсия сифатида эмас, тарих дарслиги сифатида ўқиб чиқишганга ўхшайди.
Натижада ҳар икки-уч ҳафтада бир ҳоким қўл остидагиларни ҳақорат қилиб қўяди, калтаклаб қўяди ёки саҳро шароитида ўзининг «мотивацион тренинг» дастурини ўтказиб қўяди.
Ўзбекистонда раҳбарлик лавозими учун расмий талаблар орасида «қишлоқ хўжалиги», «иқтисод», «менежмент» каби йўналишлар бор. Лекин баъзи амалдорлар ҳалигача бу рўйхатда «карате бўйича қора белбоғ» ҳам бор деб ўйлашади, шекилли.
Президентлар ўзгарди, нутқлар ўзгарди, замон ўзгарди. Фақат айрим раҳбарларнинг бошқарув фалсафаси ўзгармаяпти: «Агар аргумент етмаса — овозни баландлат.
Овоз ҳам ёрдам бермаса — муштни ишлат».
Кейин эса хизмат текшируви тайинланади ва ҳамма ҳайрон бўлади:
«Наҳотки бундай ҳолат содир бўлган бўлса?..»
Бир икки кун матбуотда гапирилади ва шу билан ҳаммаси унутилади. Ҳоким нари борса танбеҳ олади. Иш тамом – вассалом!
Бир ҳоким танбеҳ олаётган лаҳзаларда иккинчи ҳоким қайси бир фермернинг онасини виртуал бўғоз қилаётган бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг