Элтузар таҳририятига МТРК ходимлари номидан йўлланган мактубда “Ўзбекистон 24” ижодий бирлашмаси ва “Ўзбекистон 1” телеканалида кадрлар сиёсати, мукофотлар тақсимоти ҳамда лавозим тайинловларида гуруҳбозлик ва манфаатлар тўқнашуви борлиги иддао қилинди.

Мактуб муаллифларига кўра, МТРКда айрим раҳбар кадрлар атрофида шаклланган гуруҳ кадрлар сиёсатига таъсир ўтказмоқда. Хусусан, МТРК раиси ўринбосари Мадамин Сафаров номи тилга олиниб, у билан боғлиқ гуруҳ “Ўзбекистон 24” ва “Ўзбекистон 1” телеканалларида ким эфирга чиқиши, ким “запрет”га қўйилиши, мукофот ва гонорарлар кимларга берилишини белгилаётгани айтилган.

Мактубда яқинда “Ўзбекистон 1” телеканалига хусусий телеканалдан келган Дилшод Файзнинг қисқа вақт ичида лавозимдан кетгани ҳам тилга олинади. Муаллифлар бу ҳолатни ички босим ва мавжуд муҳит билан боғлаб, унинг Миллий медиа ассоциациясига ўтиб кетганини “чириган қайиқдан қутулиш” деб баҳолаган.

Шунингдек, “Ўзбекистон 1” телеканали раҳбарлигига Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси директори бўлган Баҳриддин Мингбоев тайинлангани ҳам савол остига олинган. Мактуб муаллифлари уни Мадамин Сафаровга яқин кадр сифатида кўрсатиб, бундай тайинловлар ортида ҳудудий гуруҳбозлик борлигини иддао қилмоқда.

Мактубда “Ўзбекистон 24” ижодий бирлашмаси таркибидаги телеканалларда Қашқадарё ва Сурхондарёдан чиққан кадрлар таъсири кучайгани алоҳида урғуланади. Муаллифлар бу ҳолатни манфаатлар тўқнашуви сифатида баҳолаб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ДХХ, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси бу жараёнларга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек, мактубда Бекобод тумани билан боғлиқ қатновлар, айрим шахсларнинг пиар қилиниши ва лавозимлар ортида “қарздорлик” борлиги ҳақида ҳам иддаолар келтирилган. Аммо бу даъволар бўйича таҳририятда ҳозирча мустақил тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас.

Мактуб муаллифлари МТРК раисига мурожаат қилишдан натижа чиқмаслигини айтиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевадан МТРКдаги тайинловлар, манфаатлар тўқнашуви ва ички муҳитни назоратга олишни сўраган.

Элтузар ушбу мактубда келтирилган иддаолар юзасидан МТРК раҳбарияти, Мадамин Сафаров, Баҳриддин Мингбоев ва мақолада номи тилга олинган бошқа шахсларнинг расмий муносабатини беришга тайёр.