МТРК ХОДИМЛАРИ 4 ҚУРУШЛИК МАОШ УЧУН ДАВОМАТ ИСКАНЖАСИДА ҚОЛДИ
«Ўзбекистон 24» ижодий бирлашмаси ходимлари кечкисоатларгача қолиб ишлашига қарамай, Face ID орқали қаттиқ давомат назорати ва тенг қўлланмаётган интизом талаби ҳақида шикоят қилмоқда. Улар иш вақти адолатли ҳисобланишини сўрамоқда.
МТРКнинг «Ўзбекистон 24» ижодий бирлашмаси ходимлари иш вақти ва давомат назоратидаги тенгсизликдан шикоятчи.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, Face ID орқали кечикиб келган ходимлардан тушунтириш хати олинмоқда. Бироқ монтаж ва бошқа ижодий ишлар сабаб соат 20:00–21:00 гача қоладиганлардан ҳам эртаси куни соат 9:00 да ишда бўлиш талаб этилади. Қисқаси, абсурд.
«Кунига 10–11 соат ишда бўламиз. Оиламиз ва фарзандларимизга ажратишимиз керак бўлган вақт ҳам ишга кетяпти. Ойлик ва гонорар шунга яраша бўлса ҳам мали эди. Аламзада раис порахўр канал директорларининг аламини ходимлардан оляпти», дейилади мурожаатда.
Ходимлар давомат талаби барчага бирдек қўлланмаётганини, айримлардан тушунтириш хати талаб қилиниб, бошқаларнинг кечикиши «сабабли» деб қабул қилинаётганини иддао қилмоқда.
Мурожаатчилар МТРК раисидан назоратни ўринбосарлар, канал директорлари ва бош муҳаррирларга ҳам тенг татбиқ этишни, кечгача ишлайдиган ходимларнинг иш вақтини ҳисобга олишни сўрамоқда.
Мурожаатдаги даъволар юзасидан МТРК раҳбариятининг муносабатини эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг