МТРК Эверестдан ҳам бақувват. Коррупцияга ботган, рейтинги манфий даражада бўлган бу конторани ёпиш имконсиз. Кадрлар сиёсати ўлда-жўлда, гонорарлардан қисм ундириш, техника ижарасига маблағ приписка қилиш – бу иллатлар кундек равшан бўлса-да, тизим ағдар-тўнтар қилинмаяпти.

Масалан, оддий футбол шарҳини олайлик. Жаҳон чемпионатини шарҳлаш ҳуқуқи давлат каналларида фақат Хайрулла Ҳамидов вв Даврон Файзиевларнинг чекидами? Наҳот 10 йилдан бери иқтидорли ёш шарҳловчилар юзага чиқмади? Ёки федерациялар раҳнамолигида атайин юзага чиқарилмади? Компаниянинг бошқарув тизими ва кадрлар сиёсати жиддий трансформацияга муҳтож.

Иш жараёнида жорий этилган электрон назорат (СКУД) тизими ижодий меҳнат хусусиятини инобатга олмасдан қўлланилмоқда.

Ходимлар ички аудит хизмати фаолияти танқид қилиб, текширувлар жараёнида тизим хусусиятлари етарлича ҳисобга олинмаётгани ҳамда айрим қарорлар ходимларда норозилик уйғотаётгани ҳақида фикрлар билдиришмоқда.

Бизнингча, бу тешик кемани ямаш имконсиз. Давлат тасарруфида иккита расмий ахборот каналини қолдириб, қолганини хусусий секторга топшириш энг тўғри ечим бўлади.