МТРКДА ГОНОРАР МОЖАРОСИ. ВИЛОЯТЛАРДА УЧ ЙИЛДАН БЕРИ НАРХ ЎЗГАРМАГАН.
МТРК тизимидаги ҳудудий телерадиокомпания ходимлари гонорарлар уч йилдан бери ўзгармаётгани, пойтахт ва вилоятлар ўртасидаги тўлов тафовутлари, кадрлар алмашинуви ва реклама маблағларининг шаффоф эмаслигидан норози бўлиб, кенг ислоҳот талаб қилмоқда.
Элтузар таҳририятига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишловчи ходимлар номидан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Бу гал мурожаат муаллифлари ҳудудий телерадиокомпанияларда гонорар тақсимоти, раҳбар кадрлар алмашинуви ҳамда реклама маблағларининг сарфланиши билан боғлиқ масалаларни кўтармоқда.
Мурожаатда қайд этилишича, МТРК раиси А. Жўрабоев лавозимга келганига икки йилдан ошган ва бу даврда тизимда айрим ўзгаришлар амалга оширилган. Жумладан, ходимлар маоши оширилгани ва устамалар жорий этилгани ижобий баҳоланади.
Бироқ, мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, ҳудудий телерадиокомпаниялардаги бошқарув ва гонорар сиёсатида жиддий ўзгариш сезилмаган.
Хусусан, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Бухоро телерадиоканалларида уч йил аввал белгиланган гонорар миқдорлари ҳануз амал қилаётгани айтилмоқда.
Муаллифларнинг ёзишича, шу вақт ичида ходимларга қўйилаётган талаб, эфир ҳажми ва янги лойиҳалар сони ошган, аммо кўрсатув тайёрлаш учун тўланадиган гонорарлар қайта кўриб чиқилмаган.
«Нима учун пойтахт телевидениесида битта кўрсатув учун бир хил меҳнатга юқори гонорар белгиланади-ю, вилоят телевидениеларида худди шундай иш учун анча кам маблағ тўланади?» – яна савол беришади мурожаат муаллифлари.
Ходимлар гонорарлар учун МТРК томонидан аслида қанча маблағ ажратилаётгани ва бу маблағ ҳудудий телерадиокомпанияларда қандай тақсимланаётгани очиқ бўлиши керак, деб ҳисобламоқда.
Улар МТРК раиси ва унинг ўринбосари М. Сафаров бу вазиятдан хабардорми, деган саволни ҳам қўйган.
Мурожаат муаллифларининг фикрича, айрим ҳудудий телерадиокомпанияларда узоқ йиллардан бери бир хил раҳбар кадрлар фаолият юритиб келмоқда. Улар бу ҳолат тизимда таниш-билишчилик, ёпиқ бошқарув ва янги кадрларнинг раҳбарлик лавозимларига чиқиши қийинлашишига олиб келаётган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Мактубда реклама ва маркетинг бўлимлари фаолиятини ҳам молиявий жиҳатдан текшириш талаб қилинган.
Ходимлар реклама орқали телерадиокомпаниялар ҳисоб рақамларига тушадиган маблағлар миқдори, уларнинг қандай мақсадларга сарфланаётгани, ходимларни байрамлар ёки яхши иш натижалари учун рағбатлантиришга маблағ ажратилаётган-ажратилмаётгани ҳақида очиқ маълумот бериш зарурлигини билдирмоқда.
Шу билан бирга, мурожаатда молиявий маблағлардан ноқонуний фойдаланиш эҳтимоли ҳақида ҳам гумонлар билдирилган.
Мурожаат якунида ходимлар МТРК тизимида кадрлар сиёсати, гонорар тақсимоти ва молиявий шаффофлик бўйича кенгроқ ислоҳотлар ўтказиш вақти келганини таъкидлаган.
«Тизимга янги қон кириб келмас экан, таниш-билишчилик ва адолатсизлик давом этаверади», – дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифлари МТРК раҳбариятидан, шунингдек, Президент Администрациясидан ҳам тизимдаги вазиятга эътибор қаратишни кутмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг