МРАМОР ГЎШТИ ВА МИГРАНТНИНГ КУЙГАН НОНИ
Мигрантлар Кореяга иш излаб йўл излар экан, миграция агентлиги раҳбарининг мрамор гўшту қиммат Hyundai Palisade буюртмалари жамиятдаги янги «ижтимоий тенглик» манзарасини очиб бермоқда.
Янги Ўзбекистонда янги ижтимоий тенглик пайдо бўлди. Бир томонда одамлар Кореяга кетиш учун ҳужжат йиғади. Иккинчи томонда, миграция каттасининг дастурхонига Кореядан мрамор гўшти келади.
Бир томонда мигрант “иш топсам, боламнинг контрактини тўлайман” дейди.
Иккинчи томонда Беҳзод Мусаев жанобларининг нозик кўнгиллари мармар гўшти тусаб қолади.
Ҳар кимнинг дарди ҳар хил-да энди. Мигрантнинг дарди – қарз. Вазирнинг дарди – бел оғриғи. Мигрант автобусда букчайиб юради. Беҳзод Мусаев эса белим оғримасин дея 150 минг долларга Кореядан Hyundai Palisade заказ қилади.
Бу ҳам Беҳзод Мусаев инсонпарварлигининг янги босқичи бўлса керак. Халқнинг белини ҳаёт синдиради, вазирнинг белини эса оддий машина ўриндиғи қийнайди.
Қаранг, қандай гўзал парадокс.
Пастда одамлар “Кореяга ишчи юбориш навбати қачон келади?” деб йиллаб кутади. Вазир жаноблари эса “Кореядан гўшт келдими?” деган савол устида бош қотиради.
Давлат идорасига бир эшикдан мигрант киради, иккинчи эшикдан лосось, вагю, ичимлик, атр-упа ва виагра рўйхати чиқади.
Ҳаммаси тартиб билан. Рўйхат асосида. Беҳзод Мусаевнинг раҳбарлик маданияти шу-да энди.
Аслида, бу можарода “мрамор гўшт” оддий таом эмас. Бу гўшт ёғ ва лаҳмдан иборат бўлса–да, аслида халқ томоғига тиқилган суякка ўхшайди. Унга сепилган туз эса мигрант ярасига сепилган тузга ўхшайди.
Мигрантнинг онаси бозорда гўштнинг нархини сўраб, орқага қайтиши мумкин.
Лекин Беҳзод Мусаев дастурхонида “мармар гўшти” бўлиши шарт.
Чунки халқ оддий. Дарди оддий. Қарзи оддий. Кўз ёши оддий.
Аммо Беҳзод Мусаевнинг иштаҳаси оддий эмас.
Бу гапларимиз ёлғон бўлса, рад этиш жуда осон.
Чиқсин майдонга. Далил кўрсатсин. “Бундай бўлмаган” десин.
Ўнлаб ёш бола доридан заҳарланиб ўлганида Беҳзод Мусаев “мани кечирила…” деб тимсоҳ кўзёшларини тўккан эди-ку.
Бугун нега сукут сақлаяпти?! Аслида сукут ҳам баъзан гапиради.
Айниқса, у мрамор гўшт чайнаб ўтирган сукут бўлса.
Муаммо бир вазирнинг нимани еганида эмас. Гап давлат хизматчисининг ошпазу хизматкор талаб қиладиган мулозимга айланганида?
Қўл остидаги ходим давлат ишини қиладими ёки раҳбарнинг музлаткичини тўлдирадими? Бюджет фуқаро учун ишлайдими ёки кимнингдир махсус диванли машина орзуси учунми? Миграция агентлиги мигрантлар учунми ёки премиум буюртмалар логистика марказими?
Саволлар кўп. Жавоб эса ҳозирча йўқ.
Истагимиз битта – мрамор гўшт ҳазм бўлиб кетиши мумкин, лекин мазкур саволлар ҳазм бўлиб кетмасин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг