Россиянинг Ягона давлат фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва уларни бартараф этиш тизими (РСЧС) Москва вилояти ҳудудида ракета хавфи эълон қилди.

Расмий огоҳлантиришда аҳолига уйдан чиқмаслик, деразаларга яқинлашмаслик ёки яқин атрофдаги паноҳгоҳларга ўтиш тавсия этилди. Кўчада ёки автотранспортда бўлганларга эса бинолар, ерости ўтиш йўлаклари ёки автотураргоҳларда паноҳ топиш маслаҳати берилди. Шунингдек, мобил интернет алоқасида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

РСЧС хабарномасида фуқароларга дронлар ва ҳаво мудофааси (ПВО) тизимлари ишини тасвирга олмаслик, агар учувчисиз аппарат ёки унинг парчалари топилса, бу ҳақда фавқулодда хизматларнинг 112 рақамига хабар бериш тавсия қилинган.

Россия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, ушбу огоҳлантириш Украина томонидан амалга оширилаётган узоқ масофали дрон ҳужумлари хавфи кучайган бир пайтда эълон қилинган. Кейинчалик Москва вилоятидаги ракета хавфи режими бекор қилингани билдирилди.