Фарғоналик тадбиркор ва собиқ маҳаллий кенгаш депутати Мўминжон Йўлдошев Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг сўрови асосида халқаро қидирувга берилди. Унинг маълумотлари Интерполнинг очиқ Red Notice — «қизил хабарнома» базасида пайдо бўлди.

Очиқ карточкада Йўлдошев 1976 йил 18 февралда Фарғона вилоятида туғилгани, ўзбек ва рус тилларини билиши кўрсатилган. Қидирув учун асос сифатида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича айблов келтирилган. Айблов мазмуни Интерпол томонидан эмас, Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари тақдим этган маълумот асосида эълон қилинган.

«Қизил хабарнома» халқаро қамоқ ордери ҳисобланмайди. У аъзо давлатлар полициясига шахснинг турган жойини аниқлаш ва экстрадиция масаласи ҳал этилгунга қадар уни вақтинча ушлаш ҳақидаги сўровдир. Ҳар бир давлат ушлаш тўғрисида ўз қонунчилиги асосида қарор қабул қилади. Йўлдошевга қўйилган айб судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади.

Йўлдошевнинг исми аввал ҳам халқаро молия ташкилотлари ҳужжатларида тилга олинган. Жаҳон банкининг 2019 йилги санкция қарорида у Сирдарё сув таъминоти лойиҳасидаги қурилиш тендери бўйича рақобатчи компания вакилига аризасини қайтариб олиши учун таҳдид қилгани қайд этилган.

Йўлдошев мазкур айбловга белгиланган муддатда эътироз билдирмаган. Натижада Жаҳон банки унга ва у бевосита ёки билвосита назорат қилган тузилмаларга, жумладан Quvasoy Tamir Qurilish корхонасига камида тўрт йиллик шартли тақиқ жорий қилган. Қарорда Йўлдошевнинг рақобатчига босим ўтказишда давлат мансабдорлари билан келишиб ҳаракат қилгани санкцияни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.

2022 йилда UzInvestigations эълон қилган ҳисоботда Йўлдошевнинг Madad Invest Bank, Baxodir Log‘on Tekstil, Royal Dizayn Loyiha ва бошқа корхоналар билан алоқалари ўрганилган. Ҳисоботда Осиё тараққиёт банки 2019 йил 22 июлдан Жаҳон банки санкциясини ўзаро тан олиш тартибида қўллагани, шунга қарамай, Йўлдошевга яқин деб кўрсатилган Royal Dizayn Loyiha ўша йил декабрида ОТБ маблағидан 1,15 миллион долларлик шартнома олгани айтилган.

Муаллифлар ушбу маълумотлар Йўлдошев ва унга алоқадор тузилмаларни юқори хавфли ҳамкор сифатида текшириш зарурлигини кўрсатишини билдирган. Айни пайтда, ҳисоботнинг ўзи унда келтирилган корпоратив алоқалар алоҳида ҳуқуқбузарлик содир этилганини англатмаслигини таъкидлайди.

2026 йилда Йўлдошевнинг расмий делегациялар билан Беларусда ўтказилган бизнес учрашувларида қатнашгани ҳам очиқ манбаларда қайд этилган. Беларусь давлат ахборот агентлиги уни INKAS компаниясининг ҳаминвестори сифатида таништирган.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Йўлдошевга қўйилган айбнинг ҳолатлари, зарар миқдори ёки ишда бошқа гумонланувчилар бор-йўқлиги ҳақида батафсил расмий маълумот эълон қилгани аниқланмади. Йўлдошев ёки унинг вакилларининг янги айбловга муносабати ҳам очиқ манбаларда учрамади.