«МЎЖИЗАВИЙ ОЗДИРУВЧИ ТАБЛЕТКАЛАР»: ССВ ТАҲДИДНИ ҚАЧОН ОЧИҚ АЙТАДИ?
Ижтимоий тармоқларда “мўъжизавий” оздирувчи таблеткалар оммавий сотилмоқда: таркиби ҳақида маълумот берилмаган сибутрамин ва бошқа хавфли моддалар бўлиши, улар юрак-қон томир тизимига зарба бериши мумкинлиги айтилади. Мутасаддилар эса ҳалигача жим.
Телеграм, инстаграм, Тик-токда “1 ойда 10 килограмм оздирадиган”, “иштаҳани йўқотадиган”, “100% табиий” деган ваъдалар билан турли капсулалар сотилади.«Горячий перец», «Бомба», «Lishou», «Волшебные бобы» – бу дориларнинг аксарияти Хитойдан келтирилади.
Аёллар ва ўсмир қизлар орасида бу маҳсулотларга талаб кучли. Бундай «супер эффектли» дорилар таркибида расман кўрсатилмаган кучли психотроп ёки юракка таъсир қилувчи моддалар бор.
Дорилар «табиий гиёҳлардан иборат» деб сотилади, таркибдаги сибутрамин моддаси эса яширилади.
Sibutramine – иштаҳани сунъий пасайтирувчи модда бўлиб, у аввал семиришни даволаш учун қўлланган. Кейинчалик юрак хуружи ва инсульт хавфини ошириши мумкинлиги аниқлангач, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа кўплаб давлатларда тақиқланди.
Сибутрамин моддаси тез оздирувчи фиточой, гербал капсула, тай таблетка, хитой дорилари таркибига ноқонуний қўшилади. Таблетка қадоғида кўпинча “ўсимлик экстрактлари” деб ёзилади. Бундай препаратлар иштаҳани кескин йўқотади, овқат емай қўйиш оқибатида вазн тушади. Аммо бу соғлом озиш эмас. Тез орада вазн икки баробар бўлиб қайтиши мумкин.
Сибутрамин моддаси таъсирида тахикардия, қон босими ошиши, қўл титраши, уйқусизлик, кучли безовталик, галлюцинация, ваҳима ҳуружлари ва ҳатто сурункали
депрессия юзага келади.
Энг хавфлиси — одам нима ичаётганини билмайди. Маҳсулотларнинг келиб чиқиши ноаниқ. Қадоғида “Германия”, “Япония”, “Корея технологияси” деб ёзилиши мумкин, аммо маҳсулот қаерда ишлаб чиқарилганини текшириш имконсиз
Суриштирувларда айрим ишлаб чиқарувчи манзиллари умуман мавжуд эмаслиги аниқланган. Сотувчиларнинг ўзи ҳам маҳсулот ичида нима борлигини билмайди. Баъзи таблеткаларда сибутраминдан ташқари кофеиннинг юқори дозаси ёки бошқа стимуляторлар ҳам бўлиши мумкин. Бу эса юрак-қон томир тизимига икки карра зарба беради. Анорексия, булимия, танасидан норози бўлиш,
психоэмоционал босим каби муаммолари бор инсонлар бундай препаратларга тезроқ қарам бўлиб қолади.
Тезда хавфсиз озишнинг иложи йўқ. Мутлақо йўқ. Бунинг учун калория назорати, жисмоний фаоллик, режимли уйқу зарур. “1 ҳафтада 7 килограмм” деган ваъдалар организмни сувсизлантириш, иштаҳани сунъий босиш ёки хавфли стимуляторлар ҳисобига амалга ошади.
Шу таблеткалар савдоси айниқса ижтимоий тармоқларда урчиди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи масъуллар жим. Бу расман тасдиқланмаган таблеткалар Ўзбекистонга қандай кириб келяпти? Божхона назорати қайси «каттаконларнинг» юз-кўзидан ўтолмай дориларни мамлакатга киритиб юборяпти? Ҳавога айтиладиган, ҳеч ким жавоб бермайдиган саволларимиз жуда кўп.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг