“МИРЗО УЛУҒБЕК ВОРИСЛАРИ” ТАНЛОВИ: ИШТИРОКЧИЛАР НАТИЖАЛАРДАН НОРОЗИ
Қаршида ўтган “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг Қашқадарё вилоят босқичи якунларидан сўнг айрим иштирокчилар баҳолаш ва ҳакамлар таркиби шаффофлигини савол остига олмоқда. Ташкилотчилар эса танлов юқори савияда ўтганини таъкидламоқда.
Қашқадарё вилоятида 23 апрель куни Қарши шаҳридаги Ёшлар технопаркида “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, унда 80 нафар иқтидорли ёшлар ўз инновацион лойиҳалари билан иштирок этган.
Танлов якунларига кўра, 20 нафар иштирокчи республика босқичига йўлланма олган ва сертификатлар билан тақдирланган.
Бироқ Элтузар таҳририятига келиб тушган мурожаатда танлов жараёни шаффофлигига оид саволлар ҳам кўтарилмоқда.
Иштирокчилар нима деймоқда?
Ўзини кузатувчи сифатида таништирган мурожаат муаллифининг таъкидлашича, танлов жараёнида ҳакамлар ҳайъати таркиби ва баҳолаш мезонлари бўйича саволлар туғилган.
Унинг айтишича, айрим ҳакамлар технология ва инновацион ишланмаларни етарлича тушунмаган бўлиши мумкин. Шунингдек, у ғолибларни танлашда барча лойиҳалар тенг баҳоланмаганини иддао қилмоқда.
Мурожаатда, хусусан, Чироқчи туманидан иштирок этган Жавлон Рустамовнинг “Mayoq” номли қурилмаси мисол сифатида келтирилган. Таъкидланишича, мазкур лойиҳа фавқулодда ҳолатлар ҳақида хабар бериш ва хавфни камайтиришга қаратилган бўлиб, айрим олий таълим муассасалари томонидан ижобий баҳоланган.
Бироқ муаллиф фикрича, ушбу ишланма ҳакамлар томонидан етарлича жиддий қабул қилинмаган.
Шу билан бирга, мурожаатда ғолиб бўлган айрим лойиҳалар инновационлик даражаси жиҳатидан баҳсли экани ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.
Расмий маълумотлар нима дейди?
Танлов ташкилотчилари томонидан тарқатилган маълумотга кўра, ҳудудларда саралаш босқичлари юқори савияда ўтказилган ва ҳар бир туман ҳамда шаҳардан энг яхши иштирокчилар саралаб олинган.
Вилоят босқичида эса энг юқори натижаларни кўрсатган 20 нафар иштирокчи республика босқичига йўлланма олгани қайд этилган.
Ташкилотчилар ушбу танлов ёшларни илм-фан ва инновацияга жалб қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Икки томон позицияси муҳим
Ҳозирча мурожаатда келтирилган танқидлар расмий идоралар ёки танлов ташкилотчилари томонидан изоҳланмаган.
Элтузар таҳририяти танлов ташкилотчилари ва масъул шахслардан ушбу масала юзасидан муносабат олишга тайёр.
“Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, бундай танловларда шаффофлик ва адолатли баҳолаш масаласи иштирокчилар ишончи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг