МИРЗИЁЕВ ТРАМПГА ТАПЧАНЛАР СОВҒА ҚИЛГАН
Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга анъанавий ўзбек тапчанларини совға қилди. Миллий ёғоч ўймакорлиги услубидаги айвонлар Вашингтондаги West Potomac Park ҳудудига ўрнатилиб, икки давлат муносабатлари рамзи сифатида намойиш этилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга анъанавий ўзбек тапчанларини совға қилган. Улар Вашингтондаги Миллий молл яқинида жойлашган West Potomac Park ҳудудига ўрнатилмоқда. Бу ҳақда The Daily Beast нашри хабар берди.
АҚШ Ички ишлар вазирлигига кўра, Трамп совғани Америка халқи номидан қабул қилган. Миллий ёғоч ўймакорлиги услубида ишланган тапчанлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар рамзи сифатида намойиш этилади ва кузда ташриф буюрувчилар учун очилиши кутилмоқда.
Айвонлар Трамп Вашингтонда барпо этишни режалаштираётган “Америка қаҳрамонлари миллий боғи” учун ажратилган ҳудудда жойлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида боғда ҳовузлар, амфитеатр ва АҚШ тарихида из қолдирган шахсларнинг 250 та ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган.
Совға Вашингтон ва Тошкент савдо ҳамда инвестиция масалалари бўйича музокараларни фаоллаштирган бир пайтга тўғри келди. Ўзбекистон АҚШнинг қатор саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига божларни камайтириш ёки бекор қилиш мажбуриятини олган. АҚШ, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватламоқда.
Сўнгги пайтларда Трамп маъмурияти Ўзбекистон билан алоқаларни фаоллаштирди. Трамп Мирзиёевни “дўст ва ажойиб раҳбар” деб таърифлаган ҳамда Ўзбекистоннинг Boeing билан миллиардлаб долларлик самолётлар хариди бўйича келишувини АҚШ учун муҳим иқтисодий битим, деб атаган.
Ўзбекистон томони Трампга совға қилинган тапчанлар бўйича расмий маълумот бермаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг