Президент Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити арафасида аввал кузатилмаган эзгу ташаббусга бош-қош бўлди.

Давлат раҳбари аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ушбу хайрли ишлар учун «Вақф» фондига жами 690 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Маблағлар, аввало, инсон саломатлиги ва ҳаётини асрашга йўналтирилади. Жумладан, 10 минг нафар бола учун мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, онкологик ва оғир касалликка чалинган беморлар даволанади, камида 350 та жигар ва буйрак трансплантацияси харажатлари қопланади.

Шунингдек, 8 мингдан ортиқ етим болалар ва ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳисоб рақамларига 200 АҚШ долларидан маблағ ўтказилади. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат тўпламлари тарқатилади.

Бундан ташқари, 500 та масжидда таҳоратхоналар қурилади ва таъмирланади, қабристонларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Бу ташаббус Қурбон ҳайити арафасида халққа кўрсатилган катта эътибор ва меҳр-оқибатнинг ёрқин ифодаси бўлди.