МИРЗИЁЕВ МОСКВАДАГИ ПАРАДГА БОРМАЙДИ
Президент Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этмайди, у Тошкентда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда қатнашади. Бу қарор Ўзбекистоннинг ички рамзий сиёсат ва эҳтиёткор ташқи мувозанатга урғу бериши билан изоҳланмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москвада ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этмайди.
Манбага кўра, давлат раҳбарининг иш жадвалида Россия пойтахтига ташриф режалаштирилмаган. Президент ушбу кунни Ўзбекистонда ўтказиб, Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросимларда қатнашади.
Расмий манбалар ҳам Мирзиёевнинг 9 май куни Москвадаги парадда иштирок этмаслигини билдирган.
Мирзиёевнинг Москвадаги тадбирларда қатнашмаслиги Тошкентнинг бу санада ички рамзий сиёсатга урғу бераётганини кўрсатади. Ўзбекистонда 9 май Ғалаба куни эмас, Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Шу боис асосий эътибор уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнаткашлари ва қурбонлар хотирасига қаратилади.
Бу қарорни Россия билан муносабатларда кескин сигнал сифатида талқин қилишга ҳозирча асос йўқ. Аммо у Тошкентнинг ташқи сиёсатда эҳтиёткор мувозанатни сақлашга интилаётганини яна бир бор кўрсатади: Москва билан алоқалар сақланади, лекин ҳар бир рамзий тадбирда иштирок этиш мажбурий сиёсий қадам сифатида қабул қилинмайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг