МИРЗАМАҲМУДОВ, ОТАБЕКДАН ҚЎЛИНГНИ ТОРТ!
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров устидан берган шикояти қайта кўриб чиқилмоқда. Муаллиф бу иш орқали танқид ва мустақил овозларга суд орқали босим ўтказиш амалиёти кучайганини таъкидлайди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи Отабек Бакиров устидан берган шикояти қайта кўриб чиқилади. Бакировнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ аввал жиноят иши қўзғатишни рад этган, аммо 2026 йил 25 мартда шаҳар прокуратураси бу қарорни бекор қилган. Иш ҳозир Яшнобод ИИБга юборилган.
Шикоят Бакировнинг 2024 йил декабрида метан “заправка”ларидаги навбатлар, газ таъминоти ва Тошкент туманидаги электр ҳамда газ ўчишлари ҳақидаги постлари билан боғлиқ.
Энди ёпишмаганларинг шу Бакиров қолганди. Ўзбекистонда мустақил фикр айтадиган блогер деярли қолмади. Журналистлар ҳам Мунисанинг эри, Юлдузнинг концерти, фермернинг арз-доди ёки Санжикнинг судидан нарига ўта олмаяпти. Нари борса, Америка-Эрон можароси ёки Сомалидаги қароқчилар ҳақида ёзишади.
Ички қўрқув, босим ва цензура ҳамма жойни эгаллаб бўлган. Иқтисод, нарх-наво, газ, свет, бюджет, монополиялар ҳақида очиқ гапираётган кам сонли одамлардан бири шу Бакиров. Энди уни ҳам тинчитишга уринишса, жамиятда ҳақиқатни ким айтади?
Балки ҳокимият вакилларининг журналист ва блогерларни суд орқали босим остига олиш амалиётини қонунан чеклаш вақти аллақачон келгандир. Давлат амалдори танқиддан баланд турмаслиги керак. У жамоатчилик олдида ҳисобдор бўлиши, танқидга суд аризаси билан эмас, далил, очиқлик ва натижа билан жавоб бериши шарт.
Танқидни жиноятга айлантиришни бас қилинглар. Муаммони айтган одам билан эмас, муаммонинг ўзи билан курашиш керак. Қўлларингни тортларинг.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг