МИРИШКОРДА МАКТАБ ДИРЕКТОРИ УСТИДАН ҚАЙТА СУД БОШЛАНДИ
Миришкор туманида 11-мактаб директорига нисбатан боғча мудиридан пора талаб қилганлик айби билан қўзғатилган иш бўйича суд жараёни қайта бошланди. Жабрланувчи шикояти асосида директор озодликка чиққанидан сўнг тафтиш янгидан очилди.
Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги 11-мактаб директорига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Элтузар ихтиёрида мавжуд расмий ҳужжатларда қайд этилишича, у мактабнинг ташландиқ биносини таъмирлаб, боғча ташкил этган боғча мудиридан пул талаб қилганликда айбланган.
Маълумотларга кўра, мактаб директори боғча мудирини мазкур боғчани олиб қўйиш билан қўрқитиб, дастлаб 10 миллион сўм олган. Кейинроқ яна 15 миллион сўм олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушлангани айтилмоқда.
Иш ҳужжатларига кўра, у Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми ҳамда 165-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, кўриб чиқиш учун Миришкор туман жиноят судига юборилган.
Суд 2026 йил 17 январдан бошлаб унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўз кучида қолдирган. Кейинчалик 165-модданинг 2-қисми айбловдан чиқарилгани, суд томонидан 1 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинлангани билдирилмоқда.
Жабрланувчи томоннинг таъкидлашича, хавфли рецидивист деб кўрсатилган мактаб директори 5 ой ҳам ўтамасдан, 2026 йил 3 июнь куни озодликка чиққан ва уйига қайтган. Шу ҳолат юзасидан жабрланувчининг аризаси асосида директорга нисбатан тафтиш ҳамда суд жараёни қайта бошлангани маълум қилинди.
Ҳозирча иш бўйича якуний қарор ҳақида расмий маълумот берилгани йўқ. Суд жараёни давомида томонларнинг важлари ва далиллари ўрганилиши кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг