Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг Гулистон маҳалласидаги бир қатор ижтимоий муаммолар узоқ йиллардан буён ечим топмаяпти. Йиллар давомида маҳалла аҳолиси суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда.

Тўлдирилган газ балони учун белгиланган тўловни амалга оширишда муаммо бўлмаса-да, газни етказиб бериш жараёнида узилишлар кузатилиб, баъзан аҳоли 2-3 ойлаб навбат кутишга мажбур бўлиб қоляпти. Шу орада газ балонлари йўқолиб ҳам қолади.

Маҳаллада ичимлик суви сақланадиган ҳудуд атрофи чиқиндилар билан тўлиб кетган, маиший чиқиндиларни мунтазам ташиш тизими йўлга қўйилмаган. Ҳудудда чиқиндиларни ташлаш учун махсус жой ажратилмаган.

Маҳалла раиси жим, ҳокимлик қўл қовуштирган, шу ҳудуддан сайланган депутат охирги марта сайловолди ташриф буюрган. Қашқадарёнинг бу ўгай маҳалласига чаққон раҳбар дастаги етишмаяпти.